Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Турсуной Содиқова: Мухлисларим мендан рози бўлишсин...

Турсуной Содиқова: Мухлисларим мендан рози бўлишсин...

Мен мақола тайёрлаш жараёнида ҳаловатимни йўқотаман, тунлари уйқуларим қочади...

Фото: «Аndijon.org»

Эл суйган ижодкор хотирасига

Халқимизнинг суюкли ижодкори Турсуной Содиқованинг вафотига икки йил бўлаяпти. Уни таниган, билган, ижодидан баҳра олиб улғайганлар учун айниқса матбуот соҳасида Турсуной опанинг ўрни жуда билинаяпти. Минглаб нусхада чоп этиладиган газеталар саҳифаси Турсуной опанинг мақолалари билан файзли эди. Водийдаги «Тараққиёт» телеканалида опанинг ўз кўрсатуви бўлиб, уни мухлислар кўз юммай, жон қулоқлари билан тинглаб томоша қилишарди. Чунки опа насиҳатга уста бўлиб, у кишининг панд-насиҳатлари туфайли қанчадан-қанча оилалар тикланди. Ҳатто билиб-билмай гуноҳга қўл уриб қўйганларга ҳам Турсуной опанинг аччиқ насиҳатлари кор қилди.

Турсуной Содиқованинг мухлислари орасида энг омадлиси мен бўлсам керак. Чунки опа билан иш баҳона тез-тез телефонлашиб турар эдим. Газетага ишга келган вақтим менга жуда чиройли вазифани юклашди. Турсуной Содиқованинг уйига бориб, навбатдаги иш ҳақини топширишим лозим бўлди. Дарвозаси тагига етганимда вужудимни ҳаяжон эгаллаб олди. Бироз ҳадик билан қўнғироқни босдим. Эшик очилиб остонада чеҳрасидан бир олам меҳр, меҳмоннавозлик балқиб турган опа пайдо бўлди. Шоша-пиша салом бердим.

– Нега остонада кўришаяпмиз, болам, ичкарига кир, – деди астойдил.

Турсуной опанинг «болам» дейиши, ўзига яқин олиб сенсирашидан дадилландим.

– Раҳмат, Турсуной опа, ишга шошиб тургандим. Манавини бериб юборишди.

– Овора бўпсан-да, болам. Овқатим тайёр, еб кетсанг бўларди.

– Раҳмат, келаси сафар худо хоҳласа.

Биз хайрлашдик. Зиналардан тушарканман, опанинг қанчалар дадил, чўрткесар бўлса-да, аслида ниҳоятда хокисор, камсуқум аёл эканлигини англадим. Эртасига Турсуной опа таҳририятга қўнғироқ қилди.

– Болам, кеча ташлаб кетган пулларингни мен қалам ҳақи деб ўйлабман. Билсам мукофот пули экан-а, шунга раҳбарларингга менинг номимдан миннатдорчилик билдириб қўйгин, – дедилар хижолат билан.

Сўнгги йилларда Турсуной опа бетоб бўлиб қолгани учун кўрсатувларда чиқишга, учрашувларга боришга имкони бўлмади. Янги мақолалар ёзишга ҳам қийналди. Лекин мухлислари тинмай қўнғироқ қилишар, мактублар йўллашарди. Баъзилар опанинг ўзи билан гаплашишни исташарди. Бир куни опага қўнғироқ қилиб ҳол сўрадим. Гап орасида:

– Турсуной опа, мухлисларингиз тинч қўйишмаяпти. Манзилингизни сўрашаяпти, бир бор Турсуной опа билан юзма-юз гаплашмасам бўлмайди, мени тушкунликдан фақат у кишигина қутқаради дейишаяпти. Яна кўпчилик аёллар сизни тўйларга, йиғинларига таклиф этишаяпти, – дедим.

– Болам, – доимгидай салобатли овозда гап бошлади опа. – Авваламбор мени йўқлаганларга раҳмат. Барчасига узримни етказ, уларга саломатлигим тўғри келмаётганини тушунтир. Мактубларга жавобни китобларимдан олинглар. Тўй, йиғинларга келсак, тўғриси, мен дабдабали дастурхон тепасида ўтириб дилимдаги сўзларимни айтолмайман. Худо менга одамларни эътиқодга, инсофу диёнатга даъват этиш учун воизлик санъатини берган экан, дабдабали маросимлардаги исрофгарчиликларни кўриб мен нутқ сўзлолмайман. Мақтанчоқлик, манманлик, обрў орттириш учун қилинадиган маросимларда мен руҳан сиқиламан. Бўғзимга бир нима тиқилиб гапиртирмай қўяди. Худо хоҳласа, оддий халқ ўртасида учрашувлар ташкил қилинса-ю, одамлар еб-ичиш, ўйнаб-кулиш учун эмас, фақат сўзларимдан маънавий озуқа олиш учунгина келса ўшанда жоним билан бораман. Фақат бироз саломатлигимни тиклаб олай.

Опа шифохоналарда даволаниб яна ижодга қўл уришга жазм этган чоғида энг яқин инсони, турмуш ўртоғи вафот этиб қолди. Кўнгил сўраш учун қилган қўнғироғим, суҳбатим сўнггиси бўлган экан. Опанинг овози жуда ғамгин, армонли эди.

– Болам, амакинг тўрт кунгина ётди. Уни ҳеч кимга ишонмай, чақалоқни парваришлагандек ўзим парваришладим. У кетди-ю уйим ҳам, кўнглим ҳам ҳувиллаб қолди. Амакинг бақироқ, айтганини қилдирадиган инжиқ эркак бўлганида ҳам майли эди. Лекин у жудаям камсуқум, юмшоқ одам эди. Уйда бор-йўқлиги билинмасди. Энди билсам, нафақат умр йўлдошимдан, уйимнинг устунидан ҳам айрилибман. Ҳали-бери бу жудоликка кўниколмасам керак.

Турсуной опа бу гапларни юрак бағри қон бўлиб, йиғлаб гапирди. Миллионлаб мухлисларининг ташвишдан эгилган бошини, ўксик кўнглини икки оғиз ҳаққоний насиҳати, ўткир сўзлари билан кўтара олган инсон умр йўлдошининг айрилиғига дош беролмади назаримда.

Бир куни опа билан дилдан суҳбатлашаётганимизда менга васият қилаётгандай бир қанча гапларни гапирди:

– Болам, мен бировнинг дардини тинглаб, унга маслаҳат беришим учун ўша одамнинг дардини ўзимда ҳис қилиб, унинг руҳиятига кириб олишга мажбурман. Йўқса, қандай қилиб маслаҳат бераман, насиҳат қиламан? Ўзгалар дардини тинглаб, бировлар дардини қоғозга туширишнинг юки жуда оғир бўлади. Бу юкни кўтарган ижодкоргина қўлига қалам олади. Шу гапларим ҳамиша ёдингда турсин.

Мен мақола тайёрлаш жараёнида ҳаловатимни йўқотаман, тунлари уйқуларим қочади, токи мақолам тайёр бўлмагунича кўнглим жойига тушмай, руҳан сиқиламан. Мана нима учун мен мухлисларим билан улар истаган вақтларида кўришолмаганман. Мен мухлисларимнинг ҳар бирини яхши кўраман, ардоқлайман. Фақат шу кунларда бундай оғир юкни саломатлигим кўтаролмай қоляпти. Мухлисларим мендан рози бўлишсин...

Ҳа, яратган томонидан инъом этилган воизлик, ёзувчилик, шоиралик хислатига эга бўлган адибимиз Турсуной Содиқованинг ҳали айтадиган гаплари, ёзилажак мақолалари кўп эди. Энди биз опани соғинсак пурмаъно китобларини ўқиймиз. Тушкунликка тушганимизда, бирон муаммога дуч келганимизда ҳам опадан қолган асл бойликларни қўлимизга оламиз.

Азиз Турсуной опа, халқимизга ташлаб кетган сеҳрли сўзларингиз, мақолаю китобларингиз бу дунёда топган эзгу амалларингиз бўлиб, сизни жаннат боғларига етаклаб кирсин дея барчамиз дуо қилиб қоламиз. Сиз ҳам биз мухлисларингиздан рози бўлинг!

Раъно Маҳмудова

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг