Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Лутфулло Турсунов

Ҳар бир машаққат ортида имконият ётади.

Турнақатор навбатлардан «шапка»ли машиналаргача — автомобил бозоридаги ўзгаришни сезиб-сезмай ҳам қолдик...

Турнақатор навбатлардан «шапка»ли машиналаргача — автомобил бозоридаги ўзгаришни сезиб-сезмай ҳам қолдик...

Автосалонга янги автомобил учун тўлов қилган мижозга ўша куниёқ қўнғироқ қилишиб, автомобилни тезроқ олиб чиқиб кетишини, олиб кетмаса, машинанинг салонда турган ҳар бир куни учун пул тўлаши кераклигини айтишибди. Фалакнинг гардиши қизиқ.

Ўтган ҳафтада ҳатто «Дамас» фоизсиз бўлиб тўлашга сотувга чиқарилди. Бунақаси тарихда кузатилмаганди. «Дамас» олиш учун минг долларлаб «шапка» берилган даврларни кўрдик. «Шапкаси»ни бериб, шартномани қўлга киритган мижозлар пулининг катта қисмини олдиндан тўлаб қўйиб ҳам, машинаси чиқишини ойлаб кутган пайтларни ҳам кўрдик. Энди эса айрим автомобил ишлаб чиқарувчилар мижозга тезроқ машинани олиб кетинг, деб ялиняпти...

Автомобилга Ўзбекистонда шунчаки транспорт воситаси ёки шахсий мулк сифатида қаралмайди, баъзилар учун — бу обрў-эътибор, айримларга тирикчиликнинг муҳим воситаси. Хорижда ишлаб пул топадиганларнинг аксариятида асосий мақсад — машина олиш бўлади. Бу бежиз эмас.

Ўтган асрнинг 60-йилларида қишлоқларимизда енгил автомобиллар деярли ҳеч кимда бўлмаган. Тўй қилган одамлар яқинроқ ҳудудлардан келинни от-аравада олиб келишган, узоқ манзил бўлса, раисдан юк машинаси сўралган...

У вақтларда янги автомобил олиш учун навбатга ёзилиш тартиби бўлган. Қўлингизда пулингиз бўлса ҳам, машина ололмайсиз. Йиллаб навбатингизни кутишингиз керак. Навбати келиб, «Жигули»ли бўлган киши, ўша қишлоқнинг беминнат хизматчисига айланган. Тўй ва таъзияларга хабар етказишдан тортиб, тўлғоқ тутган аёлларни туғуруқхонага олиб бориш борми, ҳаммасини зиммасига олган. Кечасими, тонгдами, фарқи йўқ. Қанча болалар шу машинанинг ичида туғилган ҳатто...

Кейинчалик, 1996 йилдан ўзимизда автомобил чиқа бошлагач, «Нексия», «Матиз», «Дамас», «Кобалт» каби моделлар маълум ижтимоий қатламларнинг рўзғорини тебратадиган воситага айланди.

Хорижда ишлаб, топган пулига «Дамас» олган қишлоқлик йигит йиллар давомида оиласини кам-кўстсиз боқа оларди. Шаҳарлик оила бошлиғи мабодо ишсиз қолиб, қийинчиликка дуч келганида, ҳеч бўлмаганда «Матиз» олиб, тирикчилигини қила оларди.

Бир неча йил аввал «Нексия», «Кобалт» ёки «Ласетти» олганлар ўз-ўзидан деярли бой қатламга кирарди. Баъзилари обрў ёки «комфорт» учун машина минган бўлса, катта қисми шаҳарлараро кира қилиб, ўша давр учун яхшигина даромад қиларди. Ҳеч бўлмаганда, Тошкентдан вилоятларга мижоз билан қўшиб, бензин ташиб (пойтахтда бензин нархи ҳудудлардагидан салкам икки баравар арзон эди, тақчиллик ҳам йўқ эди) каттагина фойда кўрарди.

«Малибу» ёки «Каптива» миниш — бу энди обрў-эътибор қозонишнинг салкам чўққиси эди. Шунданми, «Каптива»га шартнома олишнинг «шапка»си 5000 долларгача кўтарилганди.

Монополия — бу ўзбеклар учун автомобил харидидаги энг оғриқли муаммолардан эди. Танлов кам, нарх қиммат, хизмат кўрсатишда муаммолар кўп. Янги машиналарнинг тақчиллиги ва уни олишдаги «шапка» тизими йиллар давомида халқни қийнаб келаётганди.

Нега қўшни давлатларда ўзбек машинаси арзон? Нега Ўзбекистондаги аҳоли ўзида ишлаб чиқарилган автомобилни осон сотиб ололмайди? Нега, нега... Бу адоғи ва жавоби йўқ саволлар жамоатчилик орасида узоқ йиллар муҳокамада бўлди.

«Шапка»сини бериб, шартнома оласан, навбатинг келишини узоқ кутасан, энг охирида тўловни долларда қилишинг керак бўларди. Шу ерда ҳам харидорнинг «кўзи ўйиларди». Банкдан доллар олиш имконсиз, расмий курс билан «кўча курси»да фарқ жуда катта. Автомобилга тўлов учун «қора бозор» курсида доллар олиб бориб, уни кассада давлат нархида бериб, машинага тўлов қилинган пайтлар бўлган. Бу абсурдни тасаввур қила оляпсизми?

Масалан, 2014 йилда «Дамас» нархи 26 213 100 сўм бўлган. Долларда расмий курсда (2300) ҳисобланганда $11 400 нархланган. Унга тўлов қилиш учун «қора бозор»дан $11 400 — 35 340 000 сўмга сотиб олинган. Яъни, «Дамас» автосалонда 26 213 100 сўм нархланган бўлса-да, харидор уни белгиланган суммадан 9,1 млн (30 фоиз) қимматроғига олишга мажбур бўлган.

Энг аламлиси, халқ нимага эҳтиёж сезса, ўша ерда фирибгарлар пайдо бўлади. Қанча-қанча одамлар машина оламан деб фирибгарлар қурбони бўлди. Автомобилга ўчлик ҳатто йирик молиявий пирамидаларнинг пайдо бўлишига олиб келди.

Автомобил бозоридаги бундай турли схема ва чекловлар маълум бир доираларнинг бойиши учун ўйлаб топилганди. Улар шунчалик куч эдики, коррупцион тизимни ўзгартириш ва йўқ қилиш учун йиллар керак бўлди. Ахир «қайнар хумча»дан осонликча айрилишни исташмаган.

Президент Шавкат Мирзиёев бир неча бор автомобил саноатидаги бу ҳолатни қаттиқ танқид остига олди ва унга қарши турли чоралар қўлланилди, қатор истеъфолар, ислоҳотлар қилинди. «Шапка» эвазига машина сотган шахслар ушланиб, жавобгарликка тортилди...

UzAuto Motors шартнома тарқатган ҳолатларни эсланг: автосалонларда оломон, эшиклар ойнаси синган, одамлар жароҳатланган... Ҳозир ҳаммаси онлайн. Ҳеч ким бир-бири билан ёқалашмайди. «Трекер», «Оникс» ва ҳатто «Дамас» бўлиб тўлашга таклиф қилиняпти.

Йўлларимизда бошқа маркадаги машиналар пайдо бўла бошлади, янги заводлар очилди. Аҳолида танлов имконияти пайдо бўлди. Сунъий тақчиллик аста-секин йўқ қилинди.

2017—2022 йиллар оралиғида Ўзбекистонда автомобил ишлаб чиқариш ҳажми 2,3 баробарга ошди.

Агар 2017 йилда 135,47 дона енгил автомобил чиқарилган бўлса, 2025 йилда ишлаб чиқариш ҳажмини 450 мингтага етказиш режалаштирилган.

Жиззахда Хитойнинг BYD компанияси билан ҳамкорликда электромобиллар ишлаб чиқарувчи завод фаолият юритмоқда. Келгуси босқичларда завод қувватини йиллик 500 мингта электромобилгача ошириш кўзланган.

«Ўзбекистон — 2030» стратегиясида ҳам автомобилсозлик соҳасига алоҳида эътибор қаратилган. Унга кўра, рақобат муҳитини яратиш ва ишлаб чиқариш ҳажмини 1 миллион донага етказиш мақсад қилинган.

Халқимизни йиллар давомида қийнаган оғриқли муаммони ўзгартиришга бўлган ирода туфайли бугун аксар оилаларда иккита, учта, тўрттагача машина бор. Инсон омили камайтирилди, жараён автоматлашди. Дефицит йўқотилди, ишлаб чиқариш кўпайди ва... «шапка»ни ҳам унутдик. Машина олиш ҳар бир фуқаронинг сунъий тўсиқларсиз амалга ошадиган ҳаққига айланди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг