Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Туркманистон президенти Шавкат Мирзиёевни Ашхободга таклиф қилди

Туркманистон президенти Шавкат Мирзиёевни Ашхободга таклиф қилди

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 29 июнь куни Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Давлатимиз раҳбари суҳбат аввалида Туркманистон Президентини туғилган куни муносабати билан самимий муборакбод этиб, унга мустаҳкам соғлик, бахт-саодат ва янги зафарлар тилади.

Бугунги Туркманистон эришаётган улкан муваффақиятлар, унинг халқаро нуфузи изчил юксалиб бораётгани Гурбангули Бердимуҳамедов раҳбарлигида амалга оширилаётган кенг миқёсли ислоҳотлар ва янгиланишларнинг, ижобий бетарафлик сиёсатининг амалий натижалари экани алоҳида таъкидланди.

Туркманистон Президентининг Марказий Осиё минтақасида хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш, транспорт йўлаклари ва энергетик инфратузилмани ривожлантириш, сувдан оқилона фойдаланиш, спортни оммалаштириш борасида ва бошқа йўналишлардаги халқаро миқёсдаги ташаббусларига юксак баҳо берилди.

Олий даражадаги мунтазам мулоқот ва учрашувлар қардош халқларимиз ўртасидаги кўп асрлик дўстлик ришталарини мустаҳкамлашга, шунингдек, мамлакатларимиз ўртасида яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини кенгайтиришга хизмат қилаётгани чуқур мамнуният билан қайд этилди.
Туркманистон Президентининг жорий йил апрель ойида Ўзбекистонга амалга оширган самарали давлат ташрифи ҳамда унинг якунида эришилган муҳим келишувлар ва битимлар кўп қиррали Ўзбекистон-Туркманистон ҳамкорлигига янги суръат бахш этиб, уни амалий мазмун билан бойитгани таъкидланди.

Суҳбат чоғида савдо, ишлаб чиқариш кооперацияси, энергетика соҳалари, самарали транспорт ва транзит коммуникацияларини ривожлантириш, шунингдек, маданий-гуманитар йўналиш бўйича ҳамкорлик истиқболлари кўриб чиқилди. Минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан фикр алмашилди.

Туркманистон Президенти самимий табрик ва тилаклар учун давлатимиз раҳбарига миннатдорлик билдирди ҳамда Ўзбекистон Президентини жорий йил август ойида Ашхободда бўлиб ўтадиган Оролни қутқариш халқаро жамғармаси таъсисчи давлатлари раҳбарларининг саммитида иштирок этишга таклиф қилди.

Мулоқот сўнгида давлат раҳбарлари қардош мамлакатларимиз ва халқларимиз фаровонлиги йўлида Ўзбекистон Республикаси ва Туркманистон ўртасидаги стратегик шериклик ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик муносабатларини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлашда интилиши қатъий эканликларини яна бир бор тасдиқладилар.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг