Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Туркия расмий мулозими Нетаняҳуга жавоб қайтарди

Туркия расмий мулозими Нетаняҳуга жавоб қайтарди

Туркия президенти ҳузуридаги Коммуникация бошқармаси бошлиғи Фахриддин Алтун Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳуни Ғазода содир этаётган жиноятларини яшириш учун жамоатчиликни чалғитишда айблади.

«Нетаняҳу ўз жиноятларини яшириш учун яна мамлакатимизга осилмоқда. Аммо бирор бир ёлғон, дезинформация ва алдов у бегуноҳ одамларга нисбатан содир этган оммавий тарихий қотилликларни яшира олмайди», – деб ёзди профессор Алтун.

Сиёсатчи дунё етакчиларини икки гуруҳга бўлган. Нетаняҳу каби етакчилар худбинона сиёсий мақсадлари йўлида умуминсоний қадриятларни қурбон қилади. Ф.Алтунга кўра, тарих Нетаняҳуни нафақат минтақа, балки ўз мамлакати учун ҳам зиёнкор раҳбар сифатида баҳолайди.

Туркия расмий мулозими адолатга содиқ, тинчликка хайрихоҳ сиёсий етакчиларни иккинчи гуруҳга мансуб лидерлар ўлароқ баҳолаган. 

«Улар ўз фуқаролари ҳаётини фаровон қилиш ва қўшнилар билан дўстона муносабатларга эришиш учун кечаю кундуз ишлайдилар. Улар халқаро масалаларда ҳақиқат ва адолатни ҳимоя қиладилар, чунки бу эзгу фаолиятни зиммаларидаги тарихий бурч деб биладилар», – дейди Ф.Алтун.

Коммуникация бошқармаси бошлиғи Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон айни шу гуруҳга мансуб эканини таъкидлаган.

Қайд этилишича, Нетаняҳу ҳукумати олиб бораётган этник тозалаш оқибатида фаластинликлар кўп жабр-зулм кўрмоқда. Расмий Анқара Тель-Авивнинг алдов сиёсатига қарши чиқишда собит ва мустақил Фаластин давлати тузилиши ғоясини оғишмай қўллаб-қувватлайди. 

Ғазода тинч аҳоли вакиллари ўлими шиддат билан ошиб бораётган бир паллада Исроилнинг энг яқин иттифоқчиси бўлган АҚШда ҳам урушни тўхтатиш талаби баландроқ овозда янграмоқда.

АҚШ президенти Жо Байден куни кеча MSNBC каналига берган интервьюсида бош вазир Бинямин Нетаняҳу Ғазодаги ҳаракатлари билан Исроил манфаатларига қарши бораётганини айтди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг