Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Туркия Исроил ҳарбийларининг журналистларга ҳужумларини қоралади

Туркия Исроил ҳарбийларининг журналистларга ҳужумларини қоралади

«Ал-Жазира» оператори Самир Абу Даққа ҳалок бўлди, журналист Ваил Ал-Даҳдуҳ оғир жароҳатланди.

Туркия президенти девони Коммуникациялар бошқармаси раҳбари Фахриддин Алтун Исроил ҳарбийлари томонидан журналистларнинг ўлдирилиши ва калтакланишини қоралаб баёнот берди.

«Исроил журналистларни ҳимоя қилиш учун минимал чораларни ҳам рад этмоқда, ОАВ ходимларининг воқеа жойидан дунё аҳлига хабар беришига тўсқинлик қилмоқда. Бу билан Исроил жамоатчиликнинг ишончли ахборот олиш ҳуқуқини ҳимоя қилувчи халқаро меъёрларни очиқчасига бузмоқда. Исроил ҳукумати (Ғазодаги) вайронагарчилик кўламини халқаро ҳамжамиятдан яшириш мақсадида журналистларни қўрқитишга уринмоқда. Аммо уларнинг Ғазода содир этган ҳарбий жиноятларини яширишга уринишлари иш бермайди», – дейди профессор Ф.Алтун.

Фахриддин Алтун аввалроқ Исроилни фашистик пропаганда усулини қўллашда айблаганди.

Куни кеча Туркиянинг «Anadolu» ахборот агентлиги фотожурналисти Мустафо Ҳаруф ишғол остидаги Шарқий Қуддусда Исроил ҳарбийлари томонидан шафқатсизларча калтакланган. Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеолавҳада ҳарбийлар журналистга милтиқ билан таҳдид қилгани, сўнг кўплашиб тепкилаганини кўриш мумкин.   

Туркия Коммуникациялар бошқармаси раҳбари Ф.Алтун журналист Мустафо Ҳаруф касбий фаолиятини олиб бораётган пайтда калтакланганини кескин қоралаган ва Тель-Авивдан ОАВ вакилларига қарши ҳаракатларни тўхтатишни талаб қилган.

Профессор Ф.Алтун аввалроқ «Исроил фашистик пропаганда усулини қўллаган ҳолда журналистлар билан бирга ҳақиқатни ҳам ўлдиришга уринаётгани» ҳақида гапирган эди.

Шарқий Қуддусда журналистнинг дўппосланиши ғарблик сиёсатчилар томонидан ҳам танқид қилинди. Хусусан, Германиянинг Исроилдаги элчиси Штеффен Зайберт Исроил миршабларининг бу ҳаракатини «даҳшатли ва хавотирли» деб атаган.

«Наҳотки, Исроил полицияси шу йўл билан ўз фуқаролари хавфсизлигини ҳимоя қилса?» – дея савол қўйган олмон дипломати.

Исроил томонидан ҲАМАСнинг ҳужумига жавобан Ғазода олиб борилаётган ҳарбий амалиёт жараёнида минглаб тинч аҳоли вакиллари қаторида ўнлаб журналистлар ҳам ҳалок бўлмоқда.

Мустафо Ҳаруф касбий фаолиятини олиб бораётганда калтакланган.

Айни пайтда Ғазо журналистлар ва уларнинг оиласи учун дунёдаги энг хатарли ҳудуд бўлиб қолмоқда.

Журналистларни ҳимоя қилиш халқаро қўмитаси 15 декабрь ҳолатига кўра камида 64 нафар журналист ҳалок бўлган, 13 нафари жароҳатланган, 3 нафари дараксиз йўқолган ва 19 нафари қамалган деб ҳисоблайди.

Ғазо маъмуриятига кўра эса, ҳозирга қадар 89 нафар фаластинлик журналист ўлдирилган.

Сўнгги хабарларга қараганда, 15 декабрь куни Хон Юнусда Исроил бомбардимони оқибатида «Ал-Жазира» телеканали оператори Самир Абу Даққа ҳалок бўлди, ушбу телеканалнинг тажрибали журналисти Ваил Ал-Даҳдуҳ оғир жароҳатланди. Ваил Ал-Даҳдуҳ жорий йил 25 октябрь куни рафиқаси, қизи, ўғли ва набирасидан айрилган эди.

Аввал хабар берганимиздек, бир ҳафтача аввал Исроил армияси Ғазодаги Жабалия қочқинлар лагерини бомбалаши оқибатида «Ал-Жазира» телеканали Араб хизмати мухбири Мўмин ал-Шарафийнинг 22 нафар оила аъзоси – ота-онаси, ака-сингиллари, жиянлари ва бошқа қариндошлари ҳалок бўлганди.

Декабрь ойи бошида эса Исроил ташлаган бомба оқибатида Ғазода «Anadolu» ахборот агентлиги оператори Мунтазир ал-Савваф ва унинг яқинлари ҳалок бўлган.

ЮНЕСКО бош директори Одри Азуле журналистларни ҳимоя қилиш халқаро ҳуқуқ талаби эканини эслатган ҳолда, Мунтазир ал-Саввафнинг ўлими юзасидан шаффоф текширув ўтказишга чақирган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг