Туркия 1300 йиллик битиктошни сақлаш йўлида муҳим лойиҳага қўл урди

Туркия маданият ва туризм вазири.
Туркия Мўғулистонда сақланаётган Тўнюқуқ битиктошини муҳофаза этиш мақсадида музей барпо этади. Туркий халқларнинг умумий бойлиги саналган битиктошни сақлаш мақсадида музей барпо этиш ташаббуси бир неча йил аввал маълум қилинган, аммо пандемия сабаб ортга сурилган эди, деб хабар берди Anadolu ахборот агентлиги.
Мўғулистон пойтахти Улан-Батордан 66 км масофада жойлашган ҳудудда музей тамал тошини қўйиш маросими бўлиб ўтди. Унда Туркия маданият ва туризм вазири Меҳмет Нури Эрсой, Мўғулистон маданият вазири Номин Чинбат, Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги (ТIКA) президенти Серкан Каялар ҳамда олимлар иштирок этди.
Туркия маданият ва туризм вазирига кўра, 20 гектар ҳудудда замонавий концепциялар асосида улкан маданий-сайёҳлик маркази бунёд этилади. Қурилиш ишлар 2024 йилда якунланади.
«Тўнюқуқ битиктоши – туркий халқларнинг муштарак бойлиги. Бу жиҳатдан, янги лойиҳа муштарак маданий-маънавий меросимизни келажак авлодга етказиш йўлида қимматли сармоя саналади», – деди Меҳмет Нури Эрсой.

Тўнюқуқ ёдгорлиги Улан-Батор шаҳридан 66 км жануби-шарқда жойлашган. Фото: Habertürk
Замонавий мажмуанинг барпо этилиши 1300 йиллик тарихга эга битиктошни табиат таъсиридан муҳофаза этиш ва ҳудудни сайёҳлик марказига айлантириш имконини беради. Музейга битиктош билан бирга тарихий артефактлар ва нодир археологик топилмалар қўйилади.
Тўнюқуқ битиктоши Иккинчи турк хоқонлиги давридаги атоқли сиёсий арбоб ва саркарда Тўнюқуқ (тахм. 645-726) шарафига 712-716 йилларда қўйилган ёдгорликдир. Мармарга дарж этилган битик 62 сатрдан иборат бўлиб, икки тош устунни ўз ичига олади.
Битиктошда Турк хоқонлигининг қайта ташкил топиши, бу борада Элтариш хоқоннинг хизмати, Тўнюқуқнинг турли ўлка ва қабилаларга қарши уюштирилган ҳарбий юришлардаги қаҳрамонлиги, ватанпарварлиги батафсил баён этилган. Ёдгорлик нафақат бадиий-тарихий асар сифатида, балки қадимий топонимларни ўрганиш нуқтаи назаридан ҳам аҳамиятлидир.
Мазкур битиктошни 1897 йилда рус этнографи Елизавета Клеменц эри Дмитрий Клеменц билан бирга Шимолий Мўғулистон ҳудудидан топган.
Мутахассислар Тўнюқуқ битиктошини композицион жиҳатдан етук асар деб ҳисоблайдилар. Унинг тил хусусиятлари ҳам эътиборга лойиқ. Битиктош – VIII асрдаги адабий тил намунасидир. Асарда истифода этилган кўплаб сўзлар ҳозирги ўзбек тилида ҳам айнан қўлланади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter