Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Турдимов бир қатор раҳбарларнинг лавозимга нолойиқлигини қайд этди

Турдимов бир қатор раҳбарларнинг лавозимга нолойиқлигини қайд этди

Фото: STV.uz

Бугун, 11 июль куни Самарқанд вилояти ҳокимлигида маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланишда қонун талабларига риоя этиш, кўп йиллик дарахтларни асраб-авайлаш борасида олиб борилаётган ишлар муҳокама этилган. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Вилоят ҳокими Э.Турдимов маданий мерос объектларида олиб борилаётган реставрация жараёнида ҳудудни ободонлаштириш, кўп йиллик дарахтларни асраш ҳамда шаҳримизга ташриф буюраётган меҳмонлар ва туристларга зарур шарт-шароит яратиш борасида йўл қўйилаётган хато ва камчиликларни танқид қилди. Шунингдек, ижтимоий тармоқларда Самарқанд шаҳрида «Парк-озеро» номи билан юритиладиган дам олиш масканида «Александр» меҳмонхонаси маъмурияти ва улар жалб қилган қурувчилар томонидан кўп йиллик чинорнинг ҳеч қандай рухсатсиз кесилиши атрофлича муҳокама қилинди.

Муҳокама давомида вилоят прокуратураси томонидан уч кун муддатда мазкур ҳолат атрофлича ўрганиб чиқилиши, айбдорларга нисбатан қонуний жазо чоралари кўрилиши ва жамоатчиликка билдирилиши маълум қилинди.

Самарқанд вилояти ҳокимлиги котибият мудири Улуғбек Облоқулов ҳамда вилоят экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш инспекцияси ходими Алишер Муҳаммадиевларни маъмурий жавобгарликка тортиш тўғрисида маъмурий судга мурожаат қилиниши белгиланди.

Атроф муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида ва тизим бошқарувида қўпол хатоликларга йўл қўйганлиги учун вилоят экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғи Ғолиб Негматов эгаллаб турган вазифасига нолойиқ эканлиги қайд этилди. Худди шундай Регистон ансамблини таъмирлаш ва ундан фойдаланиш мустақил дирекцияси директори Беҳруз Маъруфи ҳам Регистон мажмуасини таъмирлаш учун ҳеч ким билан келишмасдан, мардикор жалб қилгани, ишдаги масъулиятсизлиги учун вазифасига нолойиқ эканлиги таъкидланиб, уларни эгаллаб турган лавозимидан бўшатиш тўғрисида юқори турувчи идораларга тақдимнома киритилди.

Шунингдек, ўзига юклатилган вазифаларни бажаришда сансоларликка йўл қўйганлиги, ўз ишига масъулиятсизлик билан ёндашганлиги учун Бибихоним мажмуаси раҳбари Гулбаҳор Оқилова тегишли кенгашдан рухсатнома олмасдан Бибихоним мажмуасида замонавий ликсан ўрнатганлиги (бугунги кунда ликсан олиб ташланиб, эски ҳолатига қайтарилди) учун расман огоҳлантирилди ҳамда вилоят музейлар бошқармаси бошлиғининг хўжалик ишлари бўйича ўринбосари Холиқул Ражабовга «ҳайфсан» интизомий чора қўлланилди.

Муҳокамада мазкур йўналишда хато ва камчиликларга йўл қўйганлар кечирилмаслиги, айбдорларга нисбатан қатъий жазо чоралари кўрилиши қайд этилди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг