Трамп: «Украинага кўмакка пулимиз бор, мактабларни қўриқлашга эса йўқ...»
АҚШ собиқ президенти Дональд Трамп конгрессменларни Украинага қурол-аслаҳа юбориш билан эмас, балки мамлакат мактаблари хавфсизлигини таъминлаш билан шуғулланишга чақирди.
Бу ҳақда у Ҳьюстонда Миллий ўқчилар уюшмаси (NRA) ташкил қилган анжумандаги маърузасида гапирди. Трамп Украинага 40 миллиард доллар ёрдам бераётган ҳукумат болаларни ҳимоя қилишга пул топа олмаётганидан ҳайратда эканини билдирган. У коронавирус пандемиясига қарши курашдан ортган маблағни мактаблардаги хавфсизлик чораларини кучайтиришга йўналиштиришни таклиф этган. Собиқ президентга кўра, ҳар бир таълим масканида битта бўлса-да қуролли қўриқчи бўлиши керак. Трамп айни чоқда, фуқароларнинг руҳий саломатлиги масаласига жиддий ёндашиш лозимлигини таъкидлаган.
Яқинда Техас штатидаги мактабда рўй берган, 21 кишининг ҳаётига зомин бўлган фожиа ортидан фуқароларнинг қурол-яроққа эгалик қилишини чеклаш бўйича таклифлар янада кучайди.
Миллий ўқчилар уюшмаси қурол чекловидан фойда йўқлиги, қирғинларнинг олдини олиш учун мактабларни қўриқлаш тизимини такомиллаштиришни таклиф қилиб келади. Трамп мансуб республикачилар партияси ҳам шундай фикрда.
Фуқароларнинг қуролга эгалик қилиш ҳуқуқи АҚШ конституциясида мустаҳкамланган. Бунга қарши бўлган жамоатчилик фаоллари қуролга эгалик ҳуқуқи чекловсиз талқин этилишини хато деб ҳисоблайди. Уларга кўра, жамоат жойларда, хусусан, таълим масканларида қирғинларнинг олдини олиш учун қуролга эгалик борасида қатъий чеклов ўрнатилиши керак.
Муҳофазакор қатлам эса қуролга эгалик ҳуқуқини сақлаб қолиш кераклигини талаб қилиб келади. Улар фуқароларнинг қуролсизлантирилиши ортидан қотиллик, босқинчилик, номусга тегиш каби жиноятлар авж олиб кетади деган фикрда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter