Tрамп мамлакатни бошқаришга нолойиқми?
АҚШ президентни Доналд Трампнинг «руҳий носоғлом» деб ҳисоблашлари ортидан келадиган хавфдан ташвишга тушган АҚШ демократик партиясининг Конгрессдаги вакиллари декабр ойида Доналд Трампнинг руҳий ҳолати ҳақида хулоса бериши учун Йел университети психиатри Банди Лига мурожаат қилишган эди. Бу ҳақда «Политико» ва CNNга таянган ҳолда «Европа 1» радиоси хабар бермоқда.
Доналд Трампнинг руҳий ҳолати таҳлилларидан иборат китоб муаллифи Банди Ли «депутатлар АҚШ президенти руҳий ҳолатининг носоғломлиги ортидан мамлакатга келадиган хавфдан ташвишда эканликларини» айтган.
Мазкур ҳолат юзасидан расмий Оқ уй баёнот бериб, бу воқеани «шармандали» дея баҳолаган. «Агарда у мамлакатни бошқаришга лаёқатли бўлмаганда, бугун бу ерда бўлмасди, республикачилар партиясидаги энг зўр номзодларни енгиб ўтолмаган бўлар эди», — дея 2016 йилги сайловларни эсга олиб ўтди Оқ уй матбуот котиби Сара Сандерс.
Президентни алмаштириш мумкинми?
Вакиллар палатасининг демократлардан иборат 57 нафар депутати ёки умумий депутатлар сонининг 30 фоизи мабодо мамлакат президенти давлатни бошқаришга руҳий ёки жисмоний жиҳатдан қодир бўлмай қолганда, уни алмаштириш бўйича парламент комиссиясини тузиш бўйича қонун лойиҳасини ишлаб чиқишни таклиф қилишган.
Маълумот ўрнида шуни айтиб ўтамизки, АҚШ конституциясига кўра, президент икки ҳолатда лавозимидан четлаштирилиши мумкин. Биринчиси, Конгресс палаталарининг овози билан. Иккинчиси эса 1967 йилги ўзгартиришга мувофиқ президент ўз ваколатини бажаришга қодир бўлмаган ҳолда унинг ўрнини вице-президенти эгаллайди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter