Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Трамп Исроил раҳбариятини “шокка туширувчи” қарор қабул қилгани айтилмоқда

Трамп Исроил раҳбариятини “шокка туширувчи” қарор қабул қилгани айтилмоқда

АҚШ президенти Доналд Трамп Фаластин давлатини тан олиш ҳақида қарор қабул қилган бўлиши мумкин. Бу ҳақда Исроилнинг “The Jerusalem Post” нашри Кўрфаз давлатларидаги манбаларига таяниб хабар берди.

Трамп Фаластин давлатини тан олиш қарорини жорий йил май ойи ўрталарида Яқин Шарққа ташрифи давомида эълон қилиши айтилмоқда.

Саудия Арабистони пойтахти Риёз шаҳрида бўлиб ўтадиган саммитда АҚШ президенти Кўрфаз араб давлатлари етакчилари билан учрашади.

“Америка етакчиси Фаластин давлатини тан олиш ҳақида баёнот бергудек бўлса, ушбу муҳим қарор Яқин Шарқда кучлар нисбатини ўзгартиради ва “Иброҳим келишувлари”га қўшиладиган давлатлар сони ҳам ортади”, – деган “The Jerusalem Post” манбаси.

БМТнинг резолюциялари ҳамда халқаро ҳуқуқнинг бошқа ҳужжатларига мувофиқ Фаластин давлати ташкил этилиши керак эди. Аммо Исроил маъмурияти ўнйилликлар мобайнида мустақил Фаластин давлати тузилишига қарши тиш-тирноғи билан курашиб келмоқда. Жумладан, 2024 йил 18 июль куни Исроил парламентида кўпчилик овоз билан Фаластин давлати ташкил этилишини рад этувчи қарор қабул қилинган.

Кнессет қарорига халқаро ташкилотлар етакчилари, жумладан, БМТ бош котиби Антониу Гутерриш эътироз билдирди. Бош котиб таъкидича, 1967 йилги чегараларда, пойтахтлари Қуддус бўлган мустақил, суверен ва демократик икки давлат мавжудлиги минтақада барқарорлик ўрнатишнинг ягона оқилона йўли саналади.

Маълумот ўрнида, Франция президенти Эммануэль Макрон ҳам расмий Париж яқин муддатда Фаластинни давлат сифатида тан олишини маълум қилган.

Вашингтон минтақадаги зиддият икки давлат тамойили асосида ҳал этилишини айтиб келса-да, амалда Тель-Авивнинг Фаластин давлатини тузишга қарши ҳаракатларини дастаклайди. Фаластиннинг БМТга тўлақонли аъзо бўлиш йўлидаги уринишлари ҳам АҚШ томонидан бир неча бор йўққа чиқарилган. 2024 йил апрель ойида БМТ Хавфсизлик кенгашида Фаластиннинг БМТга тўлақонли аъзолиги тўғрисида резолюция лойиҳаси ҳам биргина АҚШ қаршилиги ортидан бекор бўлганди.

Трамп маъмурияти Фаластин давлатини тан олгудек бўлса, Исроилнинг позицияси заифлашиши мумкин. Шунга кўра таҳлилчилар бу қадам Исроил раҳбариятини “шокка туширади” деб ҳисобламоқда.

Сўнгги вақтларда АҚШ ва Исроил маъмурияти муносабатлари бироз совуқлашгани кузатилмоқда.

Аввал хабар берганимиздек, Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳунинг апрель ойи бошида Вашингтонда президент Доналд Трамп учрашуви дипломатик муваффақиятсизлик деб баҳоланганди. Ўшанда Нетаняҳу Трампга Эрон, Туркия каби масалаларда таъсир кўрсата олмаган.

Айни вақтда Оқ уй Нетаняҳу маъмуриятига ҲАМАС билан битим имзолаш борасида босим ўтказаётгани айтилмоқда. “The Times of Israel” газетаси ёзишича, Трампнинг Яқин Шарқ бўйича махсус вакили Стив Уиткофф агар Исроил АҚШ талабини қабул қилмаса, “ёлғиз қолиши”дан огоҳлантирилган.

Аммо айрим таҳлилчилар кайфияти баҳор ҳавоси каби ўзгарувчан Трампнинг Фаластин давлатини тан олишига шубҳа билан қарамоқда. Яна бир гуруҳ таҳлилчилар эса Трамп Фаластин давлатини тан олган тақдирда ҳам Исроилни ҳеч қачон ёлғиз қолдирмаслигини урғуламоқда. Уларга кўра, тарихан жуда яқин муносабатда бўлган Вашингтон ва Тель-Авив ўртасидаги совуқчилик вақтинчалик ҳолат ва АҚШ Исроилни ҳарбий, иқтисодий ва геосиёсий жабҳада дастаклашда давом этади.

Трамп аввалроқ Ғазо сектори аҳолисини қўшни давлатларга кўчиришни таклиф этган, ҳатто минтақани “кўчмас мулк” деб иддао қилган эди.

Бу ҳам АҚШ раҳбарининг Фаластинга самимий кўмак бериши ҳақидаги фаразларни шубҳа остига қўяди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг