Тошкентдаги қотиллик 19 йил ўтиб очилди (видео)

Бундан 19 йил аввал содир этилган жиноят фош этилди. Бу ҳақда «Замон» информацион дастурида маълум қилинган.
Таъкидланишича, жиноят 2003 йил 10 январда содир этилган. Учтепа туманига қарашли кўпқаватли уйларнинг бирида ёлғиз ўзи яшовчи рус миллатига мансуб аёлнинг мурдаси, тан жароҳатлари билан қонга беланган ва бошига целофан пакет кийгизиб кетилган ҳолда топилган.
Ўша вақтда олиб борилган тезкор суриштирув ва тергов ҳаракатлари давомида хонадон эгасининг қасддан ўлдирилганлиги, воқеа жойидан спиртли ичимлик шишалари, сигарета қолдиқлари ва улардан олинган қўл-бармоқ излари ҳамда ювиниш хонасидан эркаклар узуги топилган.
Аммо 19 йил давомида бу бармоқ излари кимга тегишли эканлиги номаълум бўлиб қолаверган.
«Ҳодиса жойига етиб келган тезкор тергов гуруҳи аъзолари томонидан хонадон кўздан кечирилганда, хонадонга кириш эшиги калити ташқи томонда қолдирилганлиги, хонадонда газ иси тўпланиб қолганлиги ҳамда уйда мавжуд газ жўмраклари очиқ ҳолда қолдирилганлиги аниқланган. Иш тафсилотига кўра, уй эгаси бир ўзи истиқомат қилганлиги ва унинг ҳузурига келиб кетувчилар ҳақида маълумот бўлмаганлиги туфайли жиноят содир этган шахсни аниқлашнинг имкони бўлмаган. Жиноят иши жиноят-процессуал кодексининг 364-моддаси 1-банди 1-қисмига асосан ҳаракатдан тўхталган»,— дейди Тошкент шаҳар прокуратураси ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бўлими алоҳида муҳим ишлар бўйича терговчиси Даврон Эгамбердиев.
2021 йилнинг 9 ноябрига келиб, ўша вақтда олинган уч бармоқ излари Тошкент шаҳар ИИББ эксперт-криминалистика маркази ходимлари томонидан айнан кимга тегишли эканлиги аниқланган.
Аниқланишича, жиноятни содир этган шахс муқадам масъул лавозимларда ишлаб, марҳума билан яқиндан танишиб, унинг уйида аёллар билан учрашиб юрган, шунингдек, хонадон эгаси билан ҳам жинсий яқинликда бўлган.
«Бир куни бирга ўтириб ичдик, у мендан 300 доллар сўради. Қизимни олдига Россияга кетаман деб айтди. Беролмайман, деб айтганимдан кейин «шантаж» қилишни бошлади. Мен уни тинчлантириб, ҳозир юз доллар топиб беришим мумкин деб айтдим, у кўнмади. Эшикни ёпиб, ҳозир топиб берасан, деб бақиришни бошлади. Қўлимга нима олганимни билмайман, кайфим зўр эди, қолаверса, асабим бузилди бошига қаттиқ урдим»,—дея таъкидлайди жиноятчи.
Маълум қилинишича, ушбу зарба оқибатида аёлнинг вафот этмаганини билгач, целофан пакет билан бош қисмини ёпиб, қўллари билан юзи ва бошига қаттиқ зарба бериб, қасддан ўлдирган.
Шундан сўнг ўзи томонидан содир этилган ўта оғир жиноятни ёпиш мақсадида хонадонда мавжуд газ жўмракларини очиқ қолдириб, воқеа жойидан яширинган.
Дастлабги тергов ҳаракатлари натижасига кўра, Тошкент шаҳар прокуратураси ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бўлими томонидан мазкур шахсга нисбатан ЖКнинг 97-моддаси, ЖКнинг 173-моддаси 2-қисми билан айб эълон қилиниб, жиноят-процессуал кодекси 388-моддаси тартибида судга юборилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter