Тошкентдаги 81 та мактабга пуллик қабул бутунлай бекор бўлди — вазир
Тошкент шаҳридаги 81 та мактабга қўшимча квота учун ихтиёрий тўлов имконияти бутунлай бекор қилинган. Бу ҳақда Халқ таълими вазири маълум қилди.
Вазирнинг ёзишича, 10 августдан бошлаб болани асосий квотадан ташқари жойлаштириш учун мактабларга тўғридан-тўғри мурожаат қилиш мумкин.
Буни Шерматов «давлат хизматлари марказларида кўп сонли хизматлар кўрсатилиши сабабли, ортиқча навбатларнинг олдини олиш мақсадида ҳамда кўпчилик ота-оналарнинг таклифларини инобатга олгани» билан изоҳлаган.
«Шу кунга қадар ушбу мактабларга 4 минг нафарга яқин тегишли микроҳудудда яшаётган ўқувчилар ҳеч қандай тўсиқларсиз, таниш-билишчиликсиз, бепул қабул қилингани кўпчилик ота-оналар томонидан ижобий эътироф этилди. Шу билан бирга, мактабларда ўзаро ҳурмат сақлаб муносабат қилсак фарзандларимизга тўғри ўрнак кўрсатган бўламиз», деб ёзган вазир.
Шерматовнинг қўшимча қилишича, бу ҳақдаги тегишли ҳукумат қарори имзоланган.
Эслатиб ўтамиз, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 7 июндаги 469-қарорига мувофиқ, Тошкентдаги 81 та мактабга бошқа микроҳудуддаги мактабларнинг 1-синфига ҳужжат топширганлар ва мактаб ёшига етмаган болалар қўшимча квота асосида қабул қилиниши, бунинг учун энг кам иш ҳақининг 10 баробаридан кам бўлмаган миқдорда бир марталик йиғим ундирилиши белгиланган эди.
Ҳужжат эълон қилингандан сўнг ижтимоий тармоқларда ушбу янгилик турлича қарши олинди. Кимлардир бу шу пайтгача амалда бўлиб келган коррупцион усулларга зарба беришини айтган бўлса, айрим фойдаланувчилар бунга қарши чиқишди.
Шерзод Шерматовнинг ўзи ҳам қарорда кўзда тутилган янги тизим бўйича бир неча бор тушунтиришлар берди. Вазир ўз чиқишларидан бирида нуфузли мактабларга болани жойлаштиришнинг антикоррупцион механизмини батафсил изоҳлаган бўлса, иккинчисида самарали ишлаётган директорларни қўллаб-қувватлаш эвазига коррупцияга барҳам бериш йўлларини айтган. Шунингдек, у талабгир мактабларга бошқа микроҳудудлардан таниш-билиш орқали болалар қабул қилингани сабабли 28 мингдан ортиқ бола ўз микроҳудудидаги мактабга кира олмай, бошқа мактабларда ўқишга мажбур бўлаётганини ошкор қилган эди.
Вазир «престижний» мактабга болани жойлаштириш учун таниш-билиш ёки пул қидирмасликни тавсия этган. Талабгир мактабларга юкламани камайтириш мақсадида биринчи синф ўқувчилари фақат ўзи яшайдиган микроҳудуддаги мактабга қабул қилиниши айтилганди.
Маълумотга кўра, пойтахтдаги жами мактаб сонининг 26 фоизини ташкил этган ушбу 81 та талабгир мактабда Тошкентдаги ўқувчиларнинг деярли ярми (43,4 фоизи) ўқийди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter