Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Тошкентда хусусий корхона автобуслари йўловчиларга хизмат кўрсата бошлади

Тошкентда хусусий корхона автобуслари йўловчиларга хизмат кўрсата бошлади

Фото: «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ матбуот хизмати

Пойтахт жамоат транспортида аҳолига кўрсатилаётган хизмат сифатини яхшилаш, тизимда рақобат муҳитини шакллантириш мақсадида «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланувчи хусусий корхоналар билан ҳамкорликни йўлга қўйишни бошлади.

Хусусан, шу кунга қадар «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ томонидан хизмат кўрсатиб келинган «129» «Авиасозлар шаҳарчаси — Юнусобод 17 мавзе» йўналиши тендерга қадар «Alixan trans servis» масъулияти чекланган жамиятига бириктирилди.

Ушбу корхона томонидан йўналишга Хитойда Германия технологияси асосида ишлаб чиқарилган «Asia star» русумли 11 та автобуслар қўйилди. Газ ёқилғиси билан ҳаракатланувчи мазкур транспорт воситаси 70 та йўловчига мўлжалланган бўлиб, барча қулайликларга эга. Жумладан, кондиционер, пандус (ногиронлиги бўлган шахсларнинг чиқиб тушишлари учун мўлжалланган йўлак), 5 та кузатув камералари, монитор, двигателда ёнғинга қарши ишловчи автомат тизим билан жиҳозланган.

Мазкур корхона фаолияти шаҳар йўналишида тўла ўрганилади ва бошқа йўналишларга ҳам хусусий секторни кенг жалб этиш чоралари кўрилади.

Эслатиб ўтамиз, Бухоро шаҳрида аҳолига бир неча йилдан буён транспорт хизмати кўрсатиб келаётган «Alixan Trans» МЧЖ корхонаси 2019 йилнинг август ойида 4 млн. АҚШ доллари миқдоридаги имтиёзли кредит ҳисобига Хитойдан 65 та замонавий «Asiastar Yaxing Wertstar» автобусларини олиб келган эди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг