Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Тошкентда «Тафаккур»га жой йўқ...ми? Жаҳонгир Ортиқхўжаевга очиқ хат йўлланди

Тошкентда «Тафаккур»га жой йўқ...ми? Жаҳонгир Ортиқхўжаевга очиқ хат йўлланди

Фото: «Xabar.uz»

Таниқли ношир ва журналист Алишер Назар фейсбукдаги саҳифасида Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевга очиқ хат йўллади.

«Бугун ўзини Катта Адабиётга, санъатга дахлдорман деб биладиган зиёли одам битта журнални ўқийди: «ТАФАККУР»! Шунинг учун ҳам бу журналнинг адади камроқ... Бугунги аҳволмизда бундан ортиқ бўлиши ҳам мумкин эмас. Журнал Бош муҳаррири кўзимизга суртган ёзувчимиз — Ўзбекистон халқ ёзувчиси Эркин Аъзам.

Бугун шу журналнинг аниқ манзилини ким билади? Ҳеч ким! Чунки «Тафаккур» йил давомида кўҳна ва навқирон пойтахтни айланиб юради. Тошкентдек шаҳри азимда «Тафаккур»га муқим бир жой йўқ! Суриштириб келса, шу журнал миллат учун шоҳнинг саройидек идораларда оёқ чалиштириб ўтирган мафкурачиларнинг қилаётган ишидан кўпроқ фойдалидир. Лекин буни ким кўради?

«Тафаккур» журналининг қанчалик қийин шароитда нашр қилинаётганини Президент девонидагилар ҳам, Вазирлар Маҳкамасидагилар ҳам, сал пастроқдаги идоралар ҳам яхши билишади. Билмаслиги мумкин эмас! (Агар билмаётган бўлишса, бу янада ачинарлидир). Лекин ҳеч бири «ҳой, ҳолинг қалай?» демайди. Ваҳоланки, «Тафаккур» шу халқ учун, шу миллат учун керак! Ахир «Тафаккур» журнали даражасидаги нашрларни ўз ҳолига ташлаб қўйиб бўлмайди.

Шу кичкинагина хатимизни Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ҳам ўқиб қолсалар яхши бўларди. Миллиардлаб пулларга Ситилар қурилаётган бир даврда миллат зиёлиларининг юзи бўлган «Тафаккур» журнали ўзига жой тополмай юрса, уят!», деб ёзади у ўз мурожаатида.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг