Тошкентда нуфузли халқаро конференция ўз ишини якунлади
Ўтган йили октябрь ойида Россия федерацияси президенти Владимир Путиннинг мамлакатимизга ташрифи доирасидаги таклиф ва келишувларнинг аҳамияти бугунги кунда ўз рўёбини кўрсатмоқда. Ўшанда «Янги иқтисодиётга янги ходимлар» таълим форуми иккита давлатнинг 140 та етакчи олий таълим муассасалари ректорлари иштирокида ўтказилганди. Бу эса иккала давлат олимлари ўзаро ҳамкорлигининг мустаҳкамланишига, кенг қамровли илмий лойиҳа ва амалий-назарий йўсиндаги фаолиятга мезон бўлгани рост.
Айни пайтда иккала мамлакатнинг 130 дан зиёд олий таълим муассасалари ўртасида юқори малакали мутахассислар тайёрлаш ва илмий-тадқиқот ишларидаги ўзаро ҳамкорликлар доирасида шартномалар имзоланган. Хусусан, Тошкент ирригация қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти ҳамда Москва давлат қурилиш университети орасида имзоланган ҳамкорлик меморандуми доирасида истиқболли режалар ва келишувлар белгилаб олинганди.
Жорий йилнинг 18-21 апрель кунлари Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтида Миллий тадқиқот Москва давлат қурилиш университети ва «Гидропроект» АЖ билан ўзаро ҳамкорликда қурилиш соҳасида эришилган ютуқларни тарғиб қиладиган «Construction the formation of living environment» (FORM-2019) XXII халқаро илмий конференция бўлиб ўтди.
Қурилиш, фан ва таълим соҳасидаги дунёвий тажриба ва анъаналарни оммалаштириш ҳамда долзарблиги билан ушбу халқаро конференция катта аҳамият касб этди. Айниқса, ёшлар инновацияси бўйича ўтказилган семинарда ёш тадқиқотчиларнинг илмий салоҳияти, инноваторлик иқтидори яққол кўзга ташланди.
Институт ректори, профессор Ўктам Умурзоқов конференция якунида халқаро анжуманда ўз маъруза ва чиқишлари билан иштирок этган хорижлик меҳмонларни самимий қутлади. Шунингдек, Миллий тадқиқот Москва давлат қурилиш университети профессори Андрей Журавлев ва бошқалар юқори ташкилотчилик учун миннатдорчиликларини билдиришди.
Қизиқарли, илмий янгиликларга бой, пухта ва долзарб мавзудаги маърузалари билан иштирок этган олимларга, шунингдек, ёш тадқиқотчиларга диплом, фахрий ёрлиқ ҳамда эсдалик совғалари тақдим этилди.
Раҳимбой Жуманиёзов,
Институт матбуот котиби
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter