Тошкентда келинчак 9-қаватдан тушиб кетди: марҳуманинг ота-онаси бошқача фикрда
Alimoff телеграм-каналида «9-қаватдан қулаб ҳалок бўлган қизнинг ота-онаси адолат талаб қилмоқда» сарлавҳали видеоёзув тарқалди.
Маълумотларга кўра, 2000 йилда туғилган Озодова Эъзоза 2021 йил 20 июнь куни Тошкент шаҳар Чилонзор туманидаги кўп қаватли бинолардан бирининг 9-қаватидан тушиб кетиб ҳалок бўлган. Аммо Эъзозанинг ота-онаси воқеанинг бошқа тафсилотларини сўзлаб бердилар.
Шаҳрисабзда туғилган қиз 2019 йилда пойтахтлик йигитга турмуш чиққан. Бироқ, марҳуманинг онасига кўра, уларнинг турмуши биринчи кунданоқ яхши бўлмаган. Қиз эрининг гиёҳванд моддаларни истеъмол қилишини билиб қолган. Эъзоза бу фактни видеога ёзиб олиб, қайнонасига кўрсатган, аммо у чора кўриш ўрнига ҳаммасини ўғлига айтиб берган. Шундан сўнг, келин эри томонидан жисмоний зўравонликка дучор бўлган. Бу ҳақда Эъзоза онасига кўп айтган. Бир марта, келинчак онаси билан телефондаги суҳбати ёзиб олинганини пайқаб қолган. Қайнона келин-куёвнинг хонасига диктофон ўрнатган экан. Онанинг сўзларига кўра, ушбу ёзув Эъзозага умрининг охиригача тинчлик бермаган, ўшани деб эри уни доимо калтаклаган.
«21 июнь куни ярим тунда бизга қўнғироқ қилиб, қизимиз 9-қаватдан йиқилиб тушганини хабар қилишди. Қудамиз Эъзоза ўзини ташлаб юборганини айтди. Лекин қизимизнинг танасини кўздан кечирар эканмиз, фақат бошининг бир қисми шикастлангани ва ўнг қўли синганини кўрдик. Уни ташлаб юборишганга ўхшайди», — деди марҳуманинг онаси.
Марҳума Эъзоза Озодованинг онаси қизи ўзини ташлаб юбормаганини айтди. Чунки унда ҳеч қачон ўз жонига қасд қилиш хатти-ҳаракатларини сезмаган. Унинг сўзларига кўра, ҳодисага қайнонаси ва эрининг мунтазам равишда зўравонлиги сабаб бўлган. Балки, уларнинг сирини билиб қолганини англаб етгач, уни итариб юборишгандир.
Бош прокуратуранинг ёзишича, ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Чилонзор тумани прокуратураси томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Суриштирув давомида видеоёзувда кўрсатилган важлар ҳам ўрганиб чиқилиши таъминланади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter