«Тошкентда гул уруғи сабаб ЙПХда ушлаб қолинган ҳайдовчи» юзасидан маълумот берилди
Ижтимоий тармоқларда фуқаронинг ИИО ходимларининг ҳаракатидан норозилиги акс этган видео тарқалди.
Унда жорий йилнинг 26 январ куни тахминан соат 03.00 ларда Юнусобод туманидаги «Уч қаҳрамон» ЙПХ масканида ҳайдовчи машина салонидан топилган идишдаги уруғларнинг ўзига тегишли эмаслиги, такси хизматини кўрсатгани боис мижозлардан тушиб қолган бўлиши мумкинлигини айтади.
Бироқ ЙПХ инспекторлари гиёҳвандлик моддага ўхшаш модданинг нималигини аниқлаш учун «наряд» чақирганини маълум қилиб, ҳайдовчининг ҳужжатларини қайтариб бермайди. Ҳайдовчи эса идишдаги нарса гул уруғи эканини айтиб, уни бир соат мобайнида совуқда ушлаб туришганидан норози бўлади.
Тошкент шаҳар ИИББ мазкур ҳолат юзасидан муносабат билдириб, мазкур ЙПХ масканида хизмат олиб бораётган ЙПХ ва ППХ ходимлари томонидан 1994 йилда туғилган О.К. бошқарувидаги «Lacetti» автомашинаси тўхтатилгани, ҳайдовчи ўзини шубҳали тутганлиги сабабли автомашина текширилганда салони ичидан елим идишда гиёҳванд моддага ўхшаш модда борлиги аниқланганини маълум қилди.
Шунингдек, расмий муносабатда айтилишича, ҳайдовчи ушбу модда нима эканлигига аниқ жавоб бера олмаганлиги сабабли ходимлар туман ИИО ФМБдан мутахассисларни чақиртиришган. Ўрганиш жараёнида ушбу модда оддий кўчат уруғи эканлиги аниқланган, ҳайдовчининг ҳаракатида қонун бузилиши ҳолатлари бўлмаганлиги сабабли унга нисбатан баённома расмийлаштирилмаган.
Ходимларнинг ҳаракатлари юзасидан эса Тошкент шаҳар ИИББ томонидан хизмат текшируви тайинланган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter