Тошкентда фармация бўйича муҳим анжуман ўтказилмоқда
15-16 ноябрь кунлари Тошкент фармацевтика институтида «Фармацевтика соҳасининг бугунги ҳолати: муаммолар ва истиқболлар» мавзусида ҳалқаро илмий-амалий анжуман бўлиб ўтмоқда. Анжуманда Корея, Германия, Хитой, Россия, Украина, Ҳиндистон, Миср Араб Республикаси, қўшни давлатлардан Қозоғистон ва Қирғизистондан меҳмонлар ташриф буюришган. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Тошкент фармацевтика институти ташаббуси билан ўтказилаётган тадбирда соҳа мутахассилари ва профессорлардан ташқари педагог-ўқитувчилар, олимлар, илмий тадқиқотчилари, магистр талабалар иштирок этмоқда.
—Ушбу халқаро анжуманни ўтказишдан мақсад рақобатбардош дори-дармонларни яратиш истиқболлари, фармацевтика фанлари ва технологияларининг асосий муаммолари, ечимлари ва ютуқларини муҳокама қилиш, фикр алшмашишдан иборат, — дейди Тошкент фармацевтика институти ректори И.Алимджанов. — Анжуман етти йўналишда ўз ишини олиб бормоқда: фармацевтик таълим соҳасидаги ислоҳот, саноат фармациясидаги долзарб муаммолар, фармацияда маркетинг ва менежмент, миллий дори сиёсатининг устивор йўналишлари, дори воситалари сифатини назорат қилиш, стандартлаш ва сертификатлаш, янги дори воситаларини яратиш, фармакология ва клиник фармация, суд ва клиник токсикология шулар жумласидан. Бу йўналишлар бўйича хориж олимларининг маърузалари биз учун жуда катта аҳамиятга эга, деб ўйлайман.
Анжуман доирасида Россия «Фармоконадзор»— фармацевтика назорат қўмитаси ҳамда Ўзбекистонда фармацевтика соҳаси мутасадди ташкилотлари иштирокида алоҳида баҳс-мунозараларга бой суҳбат ҳам уюштирилди. Хорижий инвестицияларни ҳамда етакчи хорижий компанияларни инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга жалб қилиш, инновацион фармацевтика маҳсулотларини яратишни рағбатлантириш, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг ишлаб чиқариш ҳажмлари ва экспорт салоҳиятини кенгайтириш мақсадида ўтказилган ушбу халқаро анжуман фармацевтика тармоғини жадал ривожлантиришга ҳисса қўшиши шубҳасиз.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter