Тошкентда Европанинг сара филмлари намойиш этилади
Жорий йил 29 ноябрдан 1 декабрга қадар Тошкентда IX Европа кинофестивали бўлиб ўтади.
Алишер Навоий номидаги Миллий кино санъати саройида (собиқ «Панорама») уч кун давомида нуфузли халқаро танловларда эътироф этилган сара филмлар намойиш этилади.
Фестивал учун Австрия, Болгария, Германия, Латвия, Полша, Словения, Украина, Финляндия, Ирландия, Швеция каби давлатлар киноусталари суратга олган картиналар саралаб олинган.
Фестивал дастури ҳужжатли, илмий фантастика, комедия ва детектив каби ранг-баранг жанрдаги филмларни ўз ичига олади.
Европа Иттифоқининг Тошкентдаги делегацияси томонидан Ўзбекистон Кинематография агентлиги кўмагида ташкил этилган маданий-маърифий тадбир ЕИ ва Ўзбекистон ҳамкорлигининг 30 йиллигига бағишланади.
«Бизнинг фестивалимиз — Европа маданиятига киносаёҳат қилиш ва катта экранларда камдан-кам намойиш этиладиган ноёб филмларни кўриш учун ажойиб имкониятдир», — дея маълум қилди ЕИ делегацияси матбуот хизмати.
Маълумот ўрнида: филмлар оригинал тилда субтитрлар билан намойиш этилади.
Қуйида фестивал дастури билан танишишингиз мумкин:
29 ноябр
11:00. «Сув париси йиғламайди» (Австрия) — драма ва сатира элементларига йўғрилган замонавий эртак.
14:00. «Имаднинг болалиги» (Швеция, Ироқ, Латвия) — ИШИД асирлигини бошдан кечирган бола ҳақида ҳужжатли ҳикоя.
19:00. «Жигули» гуруҳи ҳақидаги ҳақиқатлар» (Болгария) — муваффақият сари иккинчи имконият, дўстлик ва сўнмаc орзулар ҳақида комедия.
30 ноябр
11:00. «Люксембург, Люксембург» (Украина) — отасини қидириб Люксембург сари йўл олган ака-ука ҳақида таъсирли ҳикоя.
14:00. «Лола» (Ирландия) — келажакдан радио ва телеэшиттиришларни узата оладиган қурилмани яратган опа-сингил ҳақида ҳужжатли филм.
19:00. «Айбсиз айбдор» (Словения) — кечиримлилик ва бурч танлови қаршисида қолган аёл ҳақида картина.
1 декабр
11:00. «Биринчи қор» (Финляндия) — қочқинлик мақомини олиш учун курашаётган эронлик оила ҳақидаги ҳикоя.
14:00. «Уруш — уч аёл нигоҳида» (Германия) — Иккинчи жаҳон урушида фронт ҳодисаларини ёритган ҳарбий мухбирлар ҳақида ҳужжатли филм;
19:00. «Хавфли жаноблар» (Полша) — жиноий саргузаштга аралашиб қолган тўрт киши ҳақида ҳажвий картина.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter