Тошкентда электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиёт бўйича ўзбек-корейс маркази очилади
Жорий йилнинг йил 12 апрел куни Корея Республикасининг Ахборот жамияти масалалари бўйича миллий агентлиги президенти жаноб Енг Сик Мун бошчилигидаги делегация расмий ташриф билан Ўзбекистонга келди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлигида Корея Республикаси делегациясининг Электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиёт лойиҳаларини бошқариш маркази вакиллари билан учрашув ташкил этилди. Бу ҳақда агентлик матбуот хизмати хабар бермоқда.
Учрашув давомида томонлар Тошкентда май ойида режалаштирилган электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиёт соҳасидаги ҳамкорлик бўйича ўзбек-корейс марказини очиш, Агентлик мутахасислари учун қисқа ва узоқ муддатли ўқув курсларини ташкил этиш, Ўзбекистон Республикасида электрон ҳукуматни ривожлантириш Концепциясини ишлаб чиқиш учун Корея мутахассисларини жалб қилиш ҳамда маълумотларни қайта ишлаш ягона марказини ташкил этишда ўзаро кўмаклашиш масалаларини муҳокама этдилар.
Шу билан бирга, томонлар Тошкент шаҳрида ўзбек-корейс марказининг очилишига оид масалаларни мувофиқлаштириш учун Ишчи гуруҳ ташкил этиш тўғрисида қўшма қарор қабул қилдилар.
Муҳокамалар якунида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги қошидаги Электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиёт лойиҳаларини бошқариш маркази ва Корея Республикасининг Ахборот жамияти масалалари бўйича миллий агентлиги ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг март ойида Корея Республикасининг Давлат бошқаруви ва хавфсизлиги вазири ўринбосари жаноб Юн Джонг Ин бошчилигидаги делегациянинг Ўзбекистон Республикасига амалга оширилган расмий ташрифи давомида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги ва Корея Республикаси Давлат бошқаруви ва хавфсизлиги вазирлиги ўртасида ўзаро англашув меморандум имзоланган эди.
Меморандумнинг устувор йўналишлари сифатида янги ахборот технологияларини жорий этишда ҳамкорлик қилиш, ўқув дастурларини ташкил этиш, электрон ҳукумат соҳасида тажриба алмашиш, қўшма тадқиқотлар ўтказиш ҳамда Ўзбекистонда ягона маълумотлар марказини ташкил этишда кўмаклашиш белгиланган эди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter