Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Бетон қоплама билан ўралган дарахтларни тозалаш бўйича экоакция бошланди

Бетон қоплама билан ўралган дарахтларни тозалаш бўйича экоакция бошланди

2023 йил 20 апрелдан Тошкент шаҳрида Табиат ресурслари вазири Aзиз Aбдуҳакимов ташаббуси билан «Дарахтларни асранг» экоакцияси бошланди.

Aкция доирасида Тошкент шаҳрининг барча туманларидаги бетонланган ва асфалтланган дарахтлар қутқарилади, дарахтлардаги реклама баннерлари ва ёруғлик берувчи пластик буюмлар олиб ташланади.

Тадбирда Табиат ресурслари вазири Aзиз Aбдуҳакимов, Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари Бахтиёр Раҳмонов ҳамда туман ва ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича 4 та сектор, туманлар ҳудудий тузилмалари, прокуратура, ички ишлар ва давлат солиқ хизмати органлари раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари, экология фаоллари иштирок этди.

Вазир ўз нутқида мазкур ташаббусдан кўзланган асосий мақсад бетонланган ёки асфалтланган дарахтларнинг пойдеворини очиш ва уларнинг бардавомлигини таъминлаш эканини алоҳида таъкидлади.

«Бугун шаҳримизда кўплаб дарахтларнинг бетон ёки сунъий қопламалар билан ўралганлигини кўриш мумкин. Бу дарахтларнинг илдизларига ҳаво киришини камайтиради, нобуд бўлиш хавфини келтириб чиқаради. Шу билан бирга, тунги ёруғлик мосламаларини ўрнатиш орқали дарахтларга зарар етказиш ҳолатлари ҳам учраб турибди, бу уларнинг табиий ривожланиш жараёнига салбий таъсир кўрсатмоқда, – деди A.Aбдуҳакимов. – «Дарахтларни асранг» экоакцияси мавжуд дарахтларни бетон ва асфалт қопламасидан, пластик ёриткичлардан (гулчалар, лампочкалар) ва реклама баннерларидан озод қилишга қаратилган. Табиат ресурслари вазирлиги томонидан аҳолидан мурожаатлар йиғилиб, дарахтларнинг табиий ўсиши жараёнига халақит бераётган муаммолар ободонлаштириш бўлимлари ва фаоллар билан биргаликда бартараф этилади».

Табиат ресурслари вазирлигининг Тошкент шаҳар бошқармаси инспекторлари томонидан 11 та йирик йўл четида мониторинг ишлари олиб борилганда 250 турдаги манзарали ва мевали дарахтларнинг пойдевори бетонланганлиги аниқланган. Экоакция доирасида барча ҳолатлар бартараф этилади. Бу акция Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида давом этади.

Дарахтларни муҳофаза қилишни янада кучайтириш мақсадида Табиат ресурслари вазирлиги томонидан @ecogovuz_bot телеграм боти ишга туширилди, у орқали аҳоли дарахтларга зарар етказилганлиги тўғрисида электрон шаклда ариза юбориши мумкин.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг