Тошкентда 22 яшар ҳомиладор аёл коронавирус сабаб вафот этди

Ўзбекистонда коронавирус билан боғлиқ икки ўлим ҳолати кузатилди. Марҳумлардан бири ҳомиладор бўлгани айтилган.
Тошкент шаҳри Чилонзор туманида яшаган 48 ёшли Х.М. (эркак) 13 июль куни Тошкент тиббиёт академиясининг кўп тармоқли клиникасининг реанимация бўлимига оғир аҳволда ётқизилган.
Беморга “COVID-19” инфекциясининг ўта оғир кечиши ва икки томонлама пневмония ташхиси қўйилган.
Асосий касаллик асоратлари ҳисобига беморнинг аҳволи стабил оғир бўлиб, мутахассислар томонидан ўтказилган реанимацион чораларга қарамасдан, ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилиги, ўпка шиши, полиорган етишмовчиликдан вафот этган.
Шунингдек, Тошкент шаҳар Учтепа туманида яшаган 22 ёшли О.Х. (аёл) 15–18 июль кунлари Тошкент шаҳар 9-сон туғруқ комплекси реанимация бўлимида “2-ҳомиладорлик, 2-туғруқ, ўткир камсувлик, икки томонлама пневмония” ташхиси билан стационар шароитида даволанган.
18 июль куни беморда “COVID-19” тасдиқлангач, Тошкент шаҳар 3-сон туғруқ комплексига ўтказилган. Ушбу шифохонада унга “COVID-19” инфекциясининг оғир кечиши, икки томонлама пневмония ташхиси кўйилган. Касаллик ўткир нафас ва юрак-қон томир етишмовчилиги асорати билан кечган.
Шифохонада беморнинг даволаниши давомида шифокорлар томонидан консультация ва консилиумлар қилинган, даволаш жараёни мутахассислар тавсияси асосида олиб борилган.
Бироқ шифокорлар томонидан стандартлар асосида ўтказилган реанимацион муолажаларга қарамасдан беморнинг аҳволи кескин оғирлашиб, ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter