Тошкент остонасидаги «уятли манзара» мутасаддилар эътиборига тушган кўринади
Ўзбекистонда юк ташувчи машиналар ҳайдовчилари турли қийинчиликларга дуч келишаётгани ва Транспорт вазирлигига эътирозлар билдирилаётгани тўғрисида «Xabar.uz»га видеомурожаатлар келиб тушганди.
Жумладан, унда Тошкент шаҳрига кириб келишда юк ташувчи машиналар учун «стоянка» муаммоси кўтарилганди.
Ниҳоят, Транспорт вазирлиги ушбу муаммо ечимини излаётган кўринади. Қайд этилишича, юк автомобиллари учун автотураргоҳлар барпо этиш масаласи кўриб чиқилмоқда.
Вазирлик матбуот хизматининг хабар беришича, соҳада ўз ечимини кутаётган қатор муаммоларни босқичма-босқич равишда ҳал этиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Хусусан, юртимизда юк ташувлари соҳасида тадбиркорлик фаолиятини юритиш борасида қулай шарт-шароитларнинг яратилаётгани, миллий ва халқаро ташувчилар учун тенг имкониятларнинг тақдим этилгани, мамлакатимизнинг транзит салоҳиятини ошириш мақсадида янги коридорларнинг ташкил этилиши юртимизнинг халқаро логистика жараёнларининг фаол иштирокчисига айлантирмоқда. Бунинг натижасида эса сўнгги йилларда мамлакатимиздаги юк автомобиллари сони кескин равишда ошиб бормоқда. Бу эса, ўз навбатида, замон талабларига мос йўл бўйи инфратузилмаларини яратиш заруриятини юзага келтирмоқда.
Айни дамдаги вазият эса юк ташувлари билан шуғулланувчи корхоналар ва ҳайдовчиларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда. Халқаро аҳамиятга эга йўл бўйи ҳудуларида юк автомобиллари учун автотураргоҳларнинг мавжуд эмаслиги шулар жумласидандир.
Бугунги кунда Тошкент шаҳри ҳудудида ўз-ўзидан юзага келган юк автомобилларининг ноқонуний турар жойларини тартибга келтириш йўналишида Транспорт вазирлиги томонидан бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, Тошкент шаҳрида вужудга келган ноқонуний тўхташ жойларининг барчаси ўрганиб чиқилди. Ўрганишларга кўра ушбу жойларда аксарият ҳолларда турли шахслар томонидан ҳеч қандай рухсатсиз хизмат кўрсатилиб, ҳақ олинаётганлиги, антисанитария ҳолатлари мавжудлиги, ҳайдовчилар ва транспорт воситалар учун илк зарурий шароитлар йўқлиги аниқланди (транспорт воситаларини техник кўрикдан ўтказиш жойи, ҳайдовчиларни тиббий кўрикдан ўтказиш жойи, ҳайдовчилар учун дам олиш жойлари, транспорт воситаларини ювиш жойлари ва ҳоказо).
Ушбу жойлар асосида ўрнатилган тартибда жиҳозланган (автомобилларни техник кўрикдан ва ҳайдовчиларни тиббий кўрикдан ўтказиш жойлари, ҳайдовчилар учун зарур шароитлар мавжуд), қўриқланадиган, аҳолига юк ташиш хизмати билан шуғулланадиган транспорт воситалари учун махсус пуллик автотураргоҳлар ташкил этиш масаласи бўйича Тошкент шаҳар ҳокимлигига таклифлар киритилди. Ҳозирги кунда ушбу таклифлар тегишли идора ва ташкилотлар томонидан ўрганиб чиқилмоқда.
Шу ўринда транспорт вазирлиги автомобиль тураргоҳлари, кэмпинглар ва бошқа йўл бўйи инфратузилма объектларни барпо этмоқчи бўлган тадбиркорларга ваколати доирасида ёрдам кўрсатишга тайёр эканлигини маълум қилади. Давлат хусусий-шериклиги асосида бу каби лойиҳаларни амалга ошириш орқали ўз истиқболли бизнесингизни йўлга қўйишга чақирамиз, дейилади вазирлик хабарида.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter