Тошкент. 10 кунда 560 та автоулов жарима майдончаларига «тиқиб қўйилди»

Йўл ҳаракати қоидалари қасддан бузадиган ҳам бор, беихтиёр бузадиган ҳам. Бироқ пойтахтнинг ҳар нуқтасида «гезарибгина» турган камераларга бунинг аҳамияти йўқ. Қоидабузарликни «шақ» этиб, қайд қилдими, вассалом: оҳ десанг ҳам шу, воҳ десанг ҳам. Жонсиз камера на «илтимос»га кўнади, на ваҳимали гувоҳномаларни тан олади!
Хуллас, қоида бузилдими жаримасини тўлаш керак. Яна денг, вақтида. Йўқса...
Йўқса, ЙҲХБ инспекторлари Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси ходимлари билан кутилмаганда йўлингиздан чиқиши мумкин. Кўриладиган чораям шунга яраша.
МИБ Тошкент шаҳар бошқармаси матубот хизмати раҳбари Марғуба Амонованинг «Xabar.uz»га маълум қилишича, жорий йилнинг 20 январидан 11 март кунига (бир ой) қадар пойтахт йўлларида ўтказилган рейдлар натижасида қоидани бузиб, вақтида жарима тўламаган 2038 нафар ҳайдовчи «қўлга олинди». Бунинг натижасида улардан умумий ҳисобда 377 млн. 923 минг 274 сўм жарима ундирилди. Бу жараёнда 4 588 та автотранспорт воситалари жарима майдончаларига олиб кириб қўйилди.
Март ойининг ўтган 10 кунида эса 60 кун муддатда ихтиёрий тўловни амалга оширмаган 250 нафар ҳайдовчига тегишли чора кўришга тўғри келди. Айни жараёнда эса 560 та автоулов жарима майдончаларида «қантариб қўйилди»ки, қисқа вақтда ундирилган жарима миқдори 94 млн. 475 минг 426 сўмни ташкил қилди.
Қисқаси, жаримадан қутилишнинг иложи йўқ: МИБ ва ЙХҲБ ўтказаётган қўшма рейдларда кунига ўртача 70 нафар ҳайдовчи қўлга тушяпти-да.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter