Тўртта Эйфел минорасига етгулик металл сарфланган лойиҳа ҳақида
Президент Шавкат Мирзиёев яқин вақтлар ичида «Uzbekistan GTL» заводининг очилиши маросимида иштирок этиши кутилмоқда. Ҳозир тадбирга тайёргарлик авжида, давлат раҳбари мажмуани айланиб, бажарилган ишлар билан танишмоқда.
Аввало мажмуанинг номини изоҳлаб ўтсак — «GTL» сўзи инглизчада «gas to liquid», яъни «газдан суюқликка» деган маънони англатади. Йирик ҳудудда барпо этилган Uzbekistan GTL заводи йилига 3,6 млрд. метр куб табиий газни қайта ишлаб, 1,5 млн. тонна авиакеросин, дизел ёқилғиси, нафта ва суюлтирилган газ ишлаб чиқариш қувватига эга.
Шўртан газ-кимё мажмуаси яқинида жойлашган бу завод дунёда бештадан биттаси бўлади (шу пайтгача жаҳонда фақат 4 та давлатда – Қатар, Нигерия, ЖАР ва Малайзияда барпо этилган).
Бу лойиҳа 2008 йилдан 2016 йилгача қўшма корхона сифатида фаолият юритган бўлиб, ўша пайтлар нефтнинг нархи тушиб кетгани сабабли айрим хорижий инвесторлар лойиҳадан чиқиб кетиши ортидан фаолияти оқсаб қолган эди. Президент Шавкат Мирзиёевнинг сиёсий иродаси туфайли мазкур лойиҳа қайтадан амалга оширилиб, ниҳоят, бугундан ишга тушириш арафасида турибди.
Маълумот учун: лойиҳа Ўзбекистондаги биринчи энергетика кластери бўлиб, уни қуришда 40 минг тонна металл ишлатилган. Бу 4 та Эйфел минорасини қуришга етадиган миқдор демакдир.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг ушбу ташрифи чоғида яна бир лойиҳа — Шўртан газ-кимё мажмуасининг ишлаб чиқариш қувватини кенгайтирувчи мажмуага тамал тоши қўйилиши кутилмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter