Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Тўқаев Европа мамлакатларида Қуръони карим ёқилганини қоралади

Тўқаев Европа мамлакатларида Қуръони карим ёқилганини қоралади

Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев Шимолий Европа мамлакатларида Қуръон каримнинг намойишкорона ёқилаётганини кескин қоралаб, бу замонавий дунёда халқлар ва давлатлар ўртасидаги ишончга рахна солишга қаратилган номақбул ҳаракат эканини таъкидлади.

Қайд этилишича, Қозоғистон дунё динлари етакчилари қуролтойини ўтказиб келмоқда. Ушбу анжуман анъанавий дин ва конфессия вакиллари ўртасида ўзаро мулоқот майдони вазифасини бажармоқда.

Қ.Тўқаевнинг фикрича, Шимолий Европа мамлакатларида кузатилаётган диний вандализм ва масъулиятсиз хатти-ҳаракатлар динлар ва давлатларнинг тинч тараққий этиши ғояси, умумқабул қилинган меъёрларга зид қилмиш сифатида қораланмоғи лозим. БМТ Бош ассамблеяси ҳам бу борада ўз сўзини айтиши керак.

Кейинги вақтларда Шимолий Европа давлатларида мусулмонларнинг муқаддас китоби бўлган Қуръони карим китоби – Мусҳафни омма олдида ёқиб юбориш ҳаракати бир неча бор қайд этилди. Жумладан, 27 июнь, Қурбон ҳайитининг илк кунида Швеция пойтахти Стокҳолм шаҳрида ироқлик муҳожир шундай қабиҳ ишга қўл урган.

Яқинда эса Данияда ҳам худди шундай экстремистик ҳаракат содир этилган.

Аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳам Қуръони карим ёқиб юборилганини ёвуз ҳаракат ўлароқ қоралаган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг