Тўлов-контракт нархлари «чақмоқда». Уни тушириш мумкинми?
Сўнгги кунларда кўпчиликнинг эътиборида бўлиб турган масалалардан бири – олий ўқув юртларида ўқитиш нархларининг кескин ошгани. Нархлар олдингига нисбатан 18 фоизга баландлади, иш ҳақлари эса – 10 фоизга.
Бу йилдан эътиборан шартнома пулларини тўлаш бўйича бир қанча ижобий ўзгаришлар амалга киритяпти. Бироқ саволли жиҳатлар ҳам бор.
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги телеграм канали қайта-қайта уқдиришича, «2019/2020 ўқув йилидан тўлов-контракт миқдорларининг ўртача 18 фоизга оширилиши – бир талабани бир йиллик ўқитиш харажатларини қисман, яъни ўртача 68 фоиз қопламоқда, холос». Нархлар 18 фоизга қимматлашига асосий сабаб қилиб эса, «олий таълим муассасалари ходимларининг иш ҳақи миқдорлари (ўтган ўқув йилида 3 маротаба), коммунал хизматлар тарифлари ва бошқа сақлаш харажатлари ошгани ҳолда, олий таълим муассасалари харажатлари даромадларига нисбатан 74 фоизга ўсганлиги» кўрсатиляпти.
Шу ўринда мулоҳаза туғилади. Талабаларнинг жуда кўпи мутахассисликка бевосита алоқаси йўқ, профессионал фаолиятда деярли керак бўлмайдиган фанлардан зада. Уларнинг айтишича, олий таълимдаги коррупцияда ҳам айни шу номутахассис фанлар етакчи. Хўш, талаба нега шу фанлар учун пул тўлаши керак? Сўнгги йилларда бу борада ҳам силжишлар бўлган, ортиқча фанларнинг баъзилари қисқарган. Лекин дадил қадамлар ташланиши шарт. Асосий урғу бугун соҳада фойдаланилаётган ва келажакда фойдаланиладиган билимларга қаратилиши ҳаётий зарурият. Дунёнинг етакчи олий ўқув юртлари тажрибаси ўрганилиши, ўрганишлар қоғоздан ташқарига – амалиётга ҳам татбиқ этилиши зарур.
Коммунал хизматларга тарифлар масаласи. Олий ўқув юртларида энергия самарадорлиги қай даражада? Харажатлар ойма-ой ҳисоб-китоб қилиниб, солиштириладими? Уларни камайтириш бўйича нимадир қилинадими?
Университет ва институтлар харажатларининг шаффоф эмаслиги ҳам оғриқли масалалардан. Кимга, нимага, қаерга қанча сарфланяпти? Бу барча учун очиқ-ойдин бўлиши керак. Майда деталларигача. Шаффофлик таъминланмаса, истаган пайт «контракт тўловлари харажатларнинг фалон фоизини зўрға қоплаяпти», деб айтавериш мумкин. Одатда, монопол ташкилотлар шунга ўхшаш важлар келтиради. «Сарф-харажатлар ошгани сабабли» кўтарилган нарх эса табиий равишда норозиликларни келтириб чиқаради.
Талабаларнинг меҳнат ҳуқуқларини таъминлашга ҳам олий ўқув юртлари хайрихоҳлик кўрсатиши керак. Кўпинча, талабалар охирги курсга ўтмагунча, ишга жойлаша олмайди. «Ҳуқуқий ахборот» канали маълумотига кўра, кундузги таълим шаклида таҳсил олаётган талабаларга ўқишдан бўш вақтларида (куннинг иккинчи ярмида) меҳнат шартномаси бўйича олий таълим муассасасида ёки бошқа ташкилотларда ишлашга рухсат берилади. Иш берувчилар билан самарали алоқалар ўрнатилиши талабаларнинг ишга жойлаши ва кейинчалик мустаҳкам иш ўрнига эга бўлиши учун замин яратади. Ишлаб, пул топган талаба шартнома пулининг бир қисмини ўзи тўлай олади. Бу ҳам тўлов-шартнома қийматининг «камайиши», енгиллашидир. Битирувчилари талабгир бўлмаган, иш берувчиларни қизиқтирмайдиган факультетларни ёпиш ёки уларни кадрларига эҳтиёж юқори йўналишларга мослаб қайта ташкил этиш мумкин.
Ўқишни битирган талабаларнинг ишга жойлашиш рейтинги ҳам тузилиши зарур. Буни Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ёки бошқа бир мустақил ташкилот ўтказгани афзал. Чунки шунда «йўқни бор қилиб кўрсатиш»га эҳтиёж бўлмайди. Бундай рейтинг реал вазият ҳақида ахборот беради. Қайси талаба қаерда ишлаяпти? Мутахассислиги бўйича иш топдими? Фақат бунда олий ўқув юртлари «меҳнат дафтарчангдан нусха олиб келмасанг, дипломни тушингда кўр» қабилидаги эскича усулдан фойдаланмаслиги керак. Шартнома асосида ўқиган талабанинг дипломи, грантда ўқиганларнинг маълумотномаси ҳеч бир монеликсиз берилиши шарт.
Хусусий ва давлат секторидаги йирик ташкилотларнинг ишчи-хизматчилари бўйича ҳам тадқиқотлар олиб бориш фойдадан холи эмас. Айниқса, хусусий корхона ва ташкилотларнинг ходимлари бўйича. Қайси ўқув юртларининг, қайси факультетларнинг талабаларига талаб катта? Улар қайси битирувчиларнинг малака, билим ва кўникмаларини эътироф этади?
Янги тартибга кўра, талабаларга бир хил стипендия белгиланяпти. Унинг қиймати бугунгача амал қилиб келган минимал қиймат – «3»лик стипендияга яқин. Аммо Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги масъуллари айтишича, қатъийлаштирилган 400 минг сўмлик стипендия миқдори қайта кўриб чиқилиши ҳам мумкин. Ҳар ҳолда, талабаларнинг ижтимоий ҳимоясига эътибор қаратилади, деб умид қиламиз. Чунки стипендия миқдори ҳам шартнома пули қийинчиликларини бироз енгиллаштиради.
Контракт нархлари тушишига хайрия имтиёзлари ҳам яхши таъсир этиши мумкин. Олий ўқув юртларининг моддий-техник базаси ёки талабаларнинг шартнома пулларини тўлашга маблағ йўналтирган корхоналарга шу сумма доирасида солиқ имтиёзлари ёки бошқа қулайликлар берилса, яхши бўларди.
Куни кеча Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Олий таълим вазирлиги масъул ходимлари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда талабаларни ётоқхона билан таъминлаш масаласида ҳам муаммолар етарли экани таъкидланди. Вазирлик ҳисоб-китобларига кўра, ўртача 80 минг нафар талаба турар жойга эҳтиёж сезади. Бу талабнинг 40 фоизи эса қондирилмай қолмоқда. Демак, 32 минг нафар талаба вақтинчалик яшаш жойи излашга мажбур. Бу – жуда катта рақам. Агар турар жойга эҳтиёж тўлиқ қондирилса, бу ҳам маълум маънода тўлов-шартнома пули «камайиши»дир. Чунки яшаш жойига нисбатан кам маблағ сарфлаган талабанинг елкасидаги чиқимлар бироз енгиллашади. Бироқ бу муаммони тезда ҳал қилиш қийин, дейишяпти. Жой етишмаслиги ўз-ўзидан коррупция, таниш-билишчилик иллатларига ҳам йўл очиб беради. Демак, турар жой масаласида барибир ечим излаш керак.
Тўлов-шартнома пули юкини енгиллаштириш, таълим сифатини ошириш, талабаларга етарли шарт-шароит яратиш масаласида нафақат Олий таълим вазирлиги, балки олий ўқув юртларининг ўзи ҳам, кенг жамоатчилик ҳам бош қотиради, таклиф-тавсиялар беради, деб умид қиламан. Таклиф-тавсиялар сараланиб, амалга татбиқ этилишига ҳам ишончим йўқ эмас.
Орифжон Мадвалиев,
журналист
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter