Тожикистондан 2,5 миллион йиллик қадимий туянинг бош суяги топилди
Россия ва Тожикистон палеонтологлари Қуруқсой ҳудудидан 2,5 миллион йиллик туянинг бош суягини топдилар. Тожикистон иқлим шароитида бундай топилмалар камдан-кам учрайди, деб хабар берди ТАСС агентлигига Урал Федерал университети матбуот хизмати.
«Биз жуда омадлимиз, чунки бутун Осиё бўйлаб бундай суяклар ёмон сақланади, ҳаттоки атиги 2 минг йилга тенг бўлган суяклар бўр каби жуда мўрт, уваланувчи бўлиб қолади. Агар сиз тасодифан суякка тегиб қўйсангиз, у майда бўлакларга айланади. Шунинг учун биз дарҳол бош суягини елим эритмаси билан тўлдирдик, елим қуригунча кутиб турдик ва уни тозалашни давом эттирдик», – дейди университет илмий ходими Дмитрий Гимранов.
Олимларнинг ҳисоб-китобларига кўра, бош суяги 2,5 миллион йил аввалги плейстоцен даврига тўғри келади. Бутун бош суяги ноёб топилма ҳисобланади, чунки бу турдаги туянинг бош суяги илгари топилмаган. Бу топилмани уч йил давомида тиклаш ва ўрганиш учун Уралга етказилди. Сўнгра у кейинги тадқиқотлар учун Тожикистонга қайтарилади.
Бош суяк ёрдамида палеонтологлар туянинг бу тури айнан нима ейишини, жинсини – эркаклар урғочилардан қандай фарқ қилишини, унинг мия ҳажми қандайлигини, бўйин мускуллари қандай бириктирилганлигини ва бошқа нарсаларни билиб олишлари мумкин.
Бунинг учун бош суякни тадқиқотга тайёрлаш, компьютер томографиясини ўтказиш ва мия, бурун бўлимлари, тишларнинг тузилишини ўрганиш керак.
«Қадимги туянинг бош суяги ўлчами унинг ҳозирги қариндоши бўлмиш туянинг бош суяги билан деярли бир хил, – деди Гимранов. «Аммо биз, албатта, тишларини ўрганишимиз керак бўлади. Айнан тишлар бошқача бўлиши мумкин, чунки қадимги туялар бошқа турмуш тарзи ва овқатланиш турига мослашган.»
Тадқиқотчиларнинг фикрича, 2,5 миллион йил олдин Тожикистон қуруқ чўл эмас, балки саваннага ўхшаш ландшафтлардан иборат бўлган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter