Тожикистонда қор кўчкиси қурбонлари сони 15 кишига етди
Тожикистон жанубидаги Тоғли Бадахшон автоном вилоятида содир бўлган қор кўчкиси қурбонлари сони 15 нафарга етди.
Қор кўчкиси бир неча ҳудудда, жумладан, энг кўп қурбон берган Хоруғ шаҳридаги Носир Хисрав маҳалласида юз берган.
Тожикистон Фавқулодда вазиятлар қўмитаси матбуот маркази раҳбари Умеда Юсуфий кўчкида қолиб турли даражада тан жароҳатлари олганлар сони 12 нафар эканини маълум қилган.
Унинг сўзларига кўра, ушбу табиат ҳодисасида 4 та уй тўлиқ, 35 та уй ва яна 5 та маиший объект эса қисман зарар кўрган.
Юсуфий ҳалок бўлганларнинг оилаларига ҳамдардлик билдириб, аҳолидан қор кўчкиси бўлган ҳудудларга чиқишдан тийилишни, огоҳ ва эҳтиёт бўлишларини сўрамоқда.
«Кеча кечқурун Ванж тумани Хаспо қишлоғининг икки фуқароси қор кўчкиси остида қолиб ҳалок бўлган Садвад исмли фуқаронинг жанозасига – Техарв маҳалласига кетаётганида қор кўчкиси остида қолган. Улардан бирини олиб чиқишга муваффақ бўлинди, иккинчисини қидиряпмиз», – дейди Юсуфий.
Аввалроқ Қўмита кунларнинг исиши ва ёғингарчилик туфайли Тоғли Бадахшоннинг ғарбий ҳудудларида, Ҳисор тизмаси тоғларида, шунингдек, Душанбе-Хоруғ, Душанбе-Хўжанд, Душанбе-Ляхш ва Хоруғ-Мурғоб автомобил йўлларида қор кўчкиси хавфи сақланиб қолаётгани ҳақида хабар берган эди.
Маълумотларига кўра, 13 февралдан 15 февралгача Тоғли Бадахшон ҳудудида қор кўчкиси билан боғлиқ 27 та ҳолат қайд этилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter