Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Тўғон ўпирилганда Қозоғистонга сув етиб бормаслиги айтилган

Тўғон ўпирилганда Қозоғистонга сув етиб бормаслиги айтилган

Ўзбекистон сув хўжалиги вазири ўринбосари Воҳиджон Аҳмаджонов 1 май куни Сардоба сув омборида тўғони ўпирилиши оқибатида Қозоғистон экология, геология ва табиий ресурслар вазири ўринбосари Сергей Громовга сув омборида тезроқ сув ёпилади ва сув хавфсиз йўналтирилади, деб айтилганини тасдиқлаган. Бу ҳақда «Газета.uz» ёзмоқда.

Унинг сўзларига кўра, талафот содир бўлган биринчи лаҳзаларида Қозоғистон томонидан сўров келганида, дастлабки баҳолашларга асосланиб, сув омборида сув зудлик билан ёпилади ва сув хавфсиз йўналтирилади, деб жавоб берилган.

«Бу дастлабки маълумот бўлган, албатта. Ҳар қандай офат бошланишида унинг кўламини аниқлаш бениҳоят қийин нарса. Биринчидан, сув босгандан кейин ушбу ерга боришнинг ўзига имкониятингиз бўлмайди ёки атрофлича ўрганиш имконияти бўлмайди ёки ўша шароитда тўла баҳолаш имконияти бўлмайди. Дастлабки баҳолашларда ҳеч ким кутмаган эди сув омборидан катта миқдорда сув чиқиб кетишини. Шунга асосланиб [Қозоғистон томонига] ҳақиқатдан ҳам бу сув омборида тезроқ сув ёпилади ва сув хавфсиз йўналтирилади, деб айтилган. Лекин, афсуски, ҳеч қандай техноген аварияни олдиндан башорат қилиш қийин. Бунинг талафотини, бунинг кўламини зудлик билан айта олиш жуда қийин. Биринчи он, биринчи лаҳзаларида, улар [Қозоғистон] томонидан сўров бўлганида, ҳақиқатдан ҳам шунақа жавоб бўлган. Барча чоралар кўриляпти Сизларга сув етиб бормаслиги учун ёки талафот етказмаслик учун, деган хабарлар бўлган», — дея Воҳиджон Аҳмаджонов «Газета.uz» мухбирининг саволига жавоб берди.

Шунингдек, Сардобадаги тошқин сувлари Арнасой кўлига йўналтириш чораси ўз самарасини бермадими, деган саволга Воҳиджон Аҳмаджонов сув тошқини мавжуд Жанубий Мирзачўл магистрал зовурига (коллектор) йўналтирилишида ушбу каналнинг ўтказиш қобилияти етмаганлигини таъкидлаб ўтган.

«Бу атрофда сув чиқариб юборадиган асосий артерия, бу — Жанубий Мирзачўл магистрал зовури (коллектор). Шу орқали сув чиқиб кетади. Умуман, рельеф шунақа тузилганки, энг пастлик жойига ўша коллектор қурилган. Барча сув шу йўналишдан чиқиб кетади. Лекин ҳар бир каналнинг ўз ўтказиш қобилияти бўлади. Ўша канал 120 метр кубли. Шу куни [1 май куни] 300 кубагача сув ўтган. Демак, ўзига нисбатан 2−3 баравар [кўп]», — деди вазир ўринбосари.

Шу билан бирга, Воҳиджон Аҳмаджонов Ўзбекистон томони Қозоғистонга минимал даражада зарар етказиш бўйича барча чораларни кўрганини айтиб ўтган.

Эслатиб ўтамиз, 1 май куни эрталаб Сирдарё вилоятидаги Сардоба сув омборида тўғон ўпирилиши натижасида Ўзбекистон билан чегарада жойлашган Қозоғистоннинг Мактаарал туманининг 5 қишлоғида 845 та уй ҳамда 7639 гектар пахта майдонлари сув остида қолган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг