Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Тоғли Қорабоғми ё Қорабоғ? Озарбайжон мудофаа вазирлиги аниқлик киритди

Тоғли Қорабоғми ё Қорабоғ? Озарбайжон мудофаа вазирлиги аниқлик киритди

Озарбайжон мудофаа вазирлиги Қорабоғдаги вазият юзасидан баёнот берди. Аввалроқ Россия мудофаа вазирлиги Озарбайжон ҳарбийлари уч томонлама битимни бузиб, Қорабоғдаги Россия тинчликпарвар қўшини назоратидаги ҳудудга киргани, кейинроқ Москва сўрови билан ҳудудни тарк этганини маълум қилганди.

Расмий Бокуга кўра, Озарбайжон уч томонлама битимни бузгани ҳақидаги фикр ҳақиқатдан йироқ. Қолаверса, минтақадаги Фаррух қишлоғи Озарбайжон назоратида, мамлакат ҳарбийлари ортга чекингани йўқ.

Озарбайжон томони Россия мудофаа вазирлигига «Тоғли Қорабоғ» деб аталган маъмурий-ҳудудий бирлик йўқлиги, уни халқаро ҳуқуқ меъёрларига мувофиқ «Қорабоғ» деб аташ лозимлигини ҳам эслатган.

Жорий йил 22 февраль куни «Озарбайжон Республикаси ва Россия Федерацияси ўртасидаги иттифоқчилик муносабатлари тўғрисида» декларация имзоланган эди.

43 банддан иборат ҳужжатда икки давлат муносабатлари мустақиллик, давлат суверенитети, ҳудудий яхлитлик, чегаралар дахлсизлигига ҳурмат, ички ишларга аралашмаслик, низоларни тинч йўл билан ҳал этишга асосланиши таъкидланади.

Озарбайжон мудофаа вазирлиги баёнотида расмий Москвани мазкур декларацияга ҳурмат билан муносабатда бўлишга чақирган.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йилнинг 27 сентябридан 10 ноябрига қадар Қорабоғда давом этган 44 кунли уруш якунида Озарбайжон халқаро ҳуқуқ меъёрларига кўра ўзига тегишли бўлган ҳудудларни қайтариб олди. 2020 йил 10 ноябрь куни Озарбайжон, Арманистон ва Россия раҳбарлари ўт очишни тўхтатиш ҳақида уч томонлама битим имзолади.

Аввалроқ расмий Боку Ереванга ўзаро муносабатларни изга солишни назарда тутувчи беш банддан иборат таклиф йўллагани ҳақида хабар бергандик.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг