Тиббиёт ходимлари ва ўқитувчиларни ишлашга мажбурлаган мансабдор шахсларга чора кўрилди
Ижтимоий тармоқларда Қашқадарё вилояти Яккабоғ тумани тиббиёт бирлашмасида 2021 йил 17 апрель куни бирлашма ходимлари бинонинг атрофида тозалик ва ободонлаштириш ишларига ишга жалб этилганлиги ҳамда 2021 йилнинг 26-27 апрель кунлари Андижон вилояти Избоскан туманидаги 19-сонли умумтаълим мактаби ўқитувчилари ҳамда техник ходимларини мактабни капитал таъмирлашга тушган қисмида ишлашга мажбурланганлиги тўғрисидаги хабарлар эълон қилинган эди.
Мазкур ҳолатлар ҳудудий Давлат меҳнат инспекцияси томонидан ўрганилиб, тегишли мансабдор шахслар Ўзбекистон Республикаси МЖТКнинг 51-моддасига асосан базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баробари миқдорида маъмурий жавобгарликка тортилди.
Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг расмий Телеграм-каналида маълум қилинди.
Агарда мажбурий меҳнат ҳолатларига гувоҳ бўлсангиз, Давлат меҳнат инспекциясининг 1176 қисқа рақамларига, 71-200-06-00 Ишонч телефонига ҳамда www.dmi.mehnat.uz сайтига мурожаат қилишларини сўрайди.
Шахсингиз сир сақланиши айтилмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter