Тиббиёт менежменти бўйича Туркия университети билан ҳамкорлик қилинади
Туркиянинг Истанбул Медипол университети ва Тошкент Тиббиёт академиясининг Урганч филиали ўртасида соғлиқни сақлаш, таълим ва илмий-тадқиқот соҳаларида ўзаро манфаатли ҳамкорлик, халқаро алоқаларни ривожлантириш мақсадида шартнома имзоланди.
Унга кўра, томонлар стоматология ва тиббиёт менеджменти йўналишлари бўйича олий таълимни ривожлантириш, профессор-ўқитувчилар, докторлар, тадқиқотчилар, докторантура, магистратура, бакалавриат талабаларининг тажриба алмашинувини ўзаро тенглик ва манфаатдорликка асосланган ҳолда амалга оширадилар. Мазкур тажриба алмашинуви Медипол университетида 2 йил, ТТА Урганч филиалида 3 йиллик муддатда ташкил этилиши кўзда тутилган.
Шунингдек, шартнома доирасида кадрлар малакасини ошириш ва касбий қайта тайёрлаш, инновацион фаолият самарадорлигини ошириш, қўшма халқаро конференциялар, симпозиумлар, семинар ва тренинглар ўтказиш белгиланган.
Маълумот учун: Истанбул Медипол университети Туркиянинг нуфузли олий таълим муассасаси бўлиб, 2009 йилда ташкил этилган. Университетда халқаро тиббиёт, стоматология, табиий фанлар, фармацевтика, ҳуқуқ, бизнес, менеджмент, ижтимоий-гуманитар фанлар каби ихтисосликлар бўйича факультетлар ташкил этилган. Бугунги кунда мазкур билим даргоҳида дунёнинг 74 та давлатидан ташриф буюрган 33 мингдан ортиқ талаба таҳсил олмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter