Техникумнинг “аълочи” битирувчилари ОТМга суҳбат асосида қандай тартибда қабул қилинади?
2022 йил 11 январдаги Ҳукумат қарори билан “Техникумларни муваффақиятли тамомлаган битирувчиларни олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишларига суҳбат асосида ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисида”ги низом тасдиқланган эди.
Унга кўра, техникумларни муваффақиятли тамомлаган битирувчилар ўз соҳасига мос бакалавриат таълим йўналишларига кириш имтиҳонларисиз, якка тартибдаги суҳбат орқали олий таълим муассасаларининг 2-босқичидан ўқишини давом эттириш учун қабул қилинади.
Бунда техникумни муваффақиятли тамомлаганлар тоифасига техникумдаги бутун ўқиш даврида ўқув семестрлари якунига кўра ўзлаштириш баҳолари “5” (аъло) ва “4” (яхши), бироқ ўзлаштириш баҳоларининг камида 50 фоизи (тиббиёт олий таълим муассасалари учун камида 85 фоизи) “5” (аъло) бўлган битирувчилар киради.
ОТМга суҳбат орқали қабул қилиш тартиби техникумни тамомлаган йилдан бошлаб икки йил мобайнида татбиқ этилади.
Битирувчиларни ўз соҳасига мос бакалавриат таълим йўналишларига суҳбат асосида ўқишга қабул қилиш тартиби қуйидагича:
- Битирувчи 5 июлдан 25 июлга қадар Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг расмий веб-сайти орқали онлайн рўйхатдан ўтади;
- 5 августга қадар Олий таълим муассасалари қабул комиссиялари битирувчиларнинг тизимга юкланган ҳужжатларини ўрганади ва ўрганиш натижалари бўйича битирувчига шахсий кабинети орқали хабар беради;
- 10 августга қадар Олий таълим муассасалари ректорлари (филиаллар директорлари) бакалавриат таълим йўналишлари бўйича 9 нафардан кам бўлмаган таркибда Суҳбат комиссиясини тузади;
- 10 августдан 25 августга қадар Олий таълим муассасалари қабул комиссиялари ҳамда Суҳбат комиссиялари битирувчиларни олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича ўтказиладиган суҳбат жараёнларини ташкил этади;
- Суҳбат жараёни тўлиқ якунлангандан сўнг 1 кун муддатда Олий таълим муассасалари қабул комиссиялари талабаликка тавсия этилганлар рўйхатини олий таълим муассасасининг расмий веб-сайтида эълон қилади. Тўлов-контракт бланкаларини талабаликка тавсия этилганларга беради;
- Шартнома тўлови амалга оширилгандан сўнг 10 кун муддатда Олий таълим муассасалари ректорлари (филиаллар директорлари) тўлов-контракт шартларини тўлиқ бажарган талабаларни тегишли бакалавриат таълим йўналишининг 2-босқичига ўқишга қабул қилади.
Эслатиб ўтамиз, ушбу тартиб олий ҳарбий, олий ҳарбийлаштирилган таълим муассасаларига, Тошкент давлат юридик университетига, Ўзбекистонда фаолият олиб бораётган хорижий ва нодавлат олий таълим ташкилотлари ҳамда уларнинг филиалларига нисбатан татбиқ этилмайди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter