Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Тергов департаменти вакили шахсга доир маълумотларни ўғирлаганларга жазо муқаррарлигини қайд этди (видео)

Тергов департаменти вакили шахсга доир маълумотларни ўғирлаганларга жазо муқаррарлигини қайд этди (видео)

Фото: «Xabar.uz»

Бугун, 24 сентябр куни АОКА мажлислар залида IMEI-кодларни рўйхатдан ўтказиш билан боғлиқ масалаларда кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисида брифинг бўлиб ўтгани ҳақида хабар бергандик.

Брифингда Давлат божхона қўмитаси бошқарма бошлиғи Рустам Қобулов фуқароларнинг паспорт маълумотларини ўғирлаган жиноий гуруҳ фаолияти ҳақида маълумот берган бўлса, ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти терговчиси Жавоҳир Қодиров фуқароларнинг шахсга доир маълумотларидан қонунга хилоф равишда фойдаланиш оқибатлари ҳақида гапирди.

Унинг қайд этишича, сўнгги вақтларда, хорижий давлатлардан мамлакатимизга келаётган фуқароларнинг шахсга доир маълумотларидан учинчи шахслар томонидан ноқонуний равишда фойдаланилиб, уларнинг маълумотлари асосида «UZIMEI» тизими орқали, келиб чиқиши маълум бўлмаган уяли алоқа воситалари рўйхатга қўйилаётгани ҳақидаги мурожаатлар сони ортиб бораётгани кузатилмоқда.

«Шу муносабат билан, мазкур ҳолатни муҳокама этиш мақсадида, жорий йилнинг сентябрь ойида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги «Ўзбекистон телекоммуникация тармоқларини бошқариш республика маркази» давлат унитар корхонаси (UZIMEI) масъул ходимлари иштирокида жами 3 маротаба ишчи учрашув ўтказилиб, унда юзага келаётган муаммоларни бартараф этиш юзасидан тегишли чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Таъкидлаб ўтиш жоизки, шахсга доир маълумотлар Ўзбекистон Республикасининг «Шахсга доир маълумотлар тўғрисида»ги қонуни билан ҳимояланиб, фуқароларнинг шахсга доир маълумотларини қонунга хилоф равишда йиғиш, тизимлаштириш, сақлаш, ўзгартириш, тўлдириш, улардан фойдаланиш, уларни бериш, тарқатиш, узатиш, эгасизлантириш ва йўқ қилиш Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексининг 46-2-моддасига асосан фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваридан беш бараваригача, мансабдор шахсларга эса-беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Ўша ҳаракатлар маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилса, ёхуд бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктирилиб, такроран ёки хавфли рецидивист томонидан, ғаразли ёки бошқача паст ниятларда, хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда содир этилса, ёхуд оғир оқибатларга сабаб бўлса, Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 1412-моддасига асосан уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Жорий йилнинг 18 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси ИИВ Тезкор-қидирув ҳамкорлиги бошқармаси, Андижон вилояти ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда Андижон шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирлар давомида, юқорида қайд этилган ноқонуний ҳаракатларни содир қилган уч нафар шахсга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 1412-моддаси 2-қисми «а», «б» бандлари ва 182-моддаси 2-қисми «а» банди билан Андижон вилояти ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан 030011/2020-38-сонли жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирги кунда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Терговнинг якуни бўйича қонуний қарор қабул қилиниб, ушбу фуқароларга нисбатан жавобгарликнинг муқаррарлиги таъминланади. Жиноят иши бўйича дастлабки тергов жараёнида, фуқаро банк филиалидан ўзининг номига берилган 5 та пластик картадаги пул маблағларидан «UZPAYNET» МЧЖ орқали жами 2158 та уяли алоқа воситаларини қонунга хилоф равишда «Мобил қурилмаларини рўйхатга олиш тизими»га қайд этишганлиги аниқланган. Ушбу холатда гумон қилинувчилар жуда кўп миқдорни ташкил этган 3115 та уяли алоқа воситаларини Қирғизистон Республикасидан Ўзбекистон Республикасига божхона назоратини четлаб айланма йўллар билан олиб кирганлиги аниқланган.

Айни вақтда мазкур ноқонуний фаолият билан шуғулланаётган шахсларни аниқлаш ва уларга нисбатан қонуний чора кўриш юзасидан Ички ишлар органлари томонидан тегишли тадбирлар давом эттирилмоқда», — деди Жавоҳир Қодиров.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг