Уч йиллик бакалавриат, имтиҳонсиз қабул, эҳтиёжга қараб мутахассислик... Олий таълимда жиддий ислоҳотлар
Президентнинг «Олий таълим муассасаларида таълим сифатини ошириш ва уларнинг мамлакатда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларда фаол иштирокини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул қилингани ҳақида хабар бергандик.
Қарорга биноан, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, тасарруфида олий таълим муассасалари мавжуд вазирлик ва идораларнинг 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб:
- алоҳида таълим йўналишлари бўйича ўқиш муддати камида уч йил бўлган бакалавриат ҳамда камида бир йил бўлган магистратурани жорий этиш, бунда магистратурада мутахассислар тайёрлашни ишлаб чиқариш (амалий) (камида бир йил) ва илмий-педагогик (камида икки йил) йўналишларга ихтисослашган дастурлар асосида ташкил этиш;
- олий таълим муассасалари бакалавриатига қабул қилиш квоталаридан ташқари хорижий фуқароларни суҳбат асосида тест синовларисиз ўқишга қабул қилиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилди.
Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, тасарруфида олий таълим муассасалари мавжуд вазирлик ва идораларнинг виза талабномаларига асосан ўқишга кириш истагини билдирган хорижий фуқароларнинг кириш визаларини ўрнатилган тартибда консуллик ва бошқа тўловларни ундирмаган ҳолда расмийлаштириш белгиланди.
Шунингдек, 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб таянч (етакчи) олий таълим муассасалари томонидан тегишли таълим йўналишлари ва мутахассисликлари бўйича ўқув режалари ва дастурларини кадрлар буюртмачиларининг эҳтиёжларидан келиб чиқиб, мустақил равишда ишлаб чиқиш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишилган ҳолда тасдиқлаш тартиби жорий этилади.
Қарорда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги билан биргаликда 2019 йил 1 январгача бўлган муддатда:
- олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларидаги тест саволларини тайёрлаш услубларини илғор хорижий тажриба асосида қайта кўриб чиқиш ҳамда уларни такомиллаштириш бўйича таклифларни белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига кириш;
- илғор халқаро имтиҳон тизимлари (TOEFL, IELTS, CEFR, SAT General, SAT Subject ва ҳоказо) сертификатларига эга бўлган абитуриентларга тегишли фанлардан белгиланган энг юқори балл бериш ва ушбу фанлар тест синовидан озод қилиш тартибини ишлаб чиқиш ва белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритиш топширилди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter