Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Хушнудбек Худойбердиев

Фақат ҳақиқатни, барча ҳақиқатни, ҳақиқатдан ўзга ҳеч нарсани…

«Темурбеклар мактаби» битирувчиларига нима учун балл қўшиляпти?

«Темурбеклар мактаби» битирувчиларига нима учун балл қўшиляпти?

Фото: Мудофаа вазирлиги

Бугунги брифингни кўпчилик кўрди, менимча. Кеча Марказий банк билан бўлган брифинг тўлиқлигича олиб берилган ва журналистларнинг барча саволларига батафсил жавоб қайтарилгани эфирда охиригача намойиш қилинганди. Бугун эса, дастлабки саволдан кейиноқ тўғридан-тўғри эфир узиб қўйилди. Балки бу Президентнинг Қорақалпоғистонга қилган ташрифи якунларини ёритиш мақсадида бўлгандир, ким билсин. Ҳар ҳолда эфирнинг узилиши билан боғлиқ саволларга «Ўзбекистон24» канали изоҳ бериши керак.

Кечаги жонли эфир Марказий банк имижи учун жуда катта ижобий фойда келтирган бўлса, бугунгиси ДТМ учун эътирозларни янада кўпайтиргани билан ёдда қолди.

Энди брифингда айтилган бир масалага тўхталсак.

Унда айтилдики, «Темурбеклар мактаби» битирувчиларига жорий йилда олий ҳарбий таълим муассасаларига ўқишга киришда тест синовларида ўзлари тўплаган балларнинг 30 фоизи, бошқа давлат ОТМларига ўқишга киришда эса ўзлари тўплаган балларнинг 15 фоизи миқдоридаги қўшимча баллар кўринишида имтиёз берилар экан.

Ҳа, тўғри, 28.06.2019 йилдаги ПҚ-4375-сонли Президент қарорининг 8-банди “г” кичик бандида бу ҳақида белгиланган.

Аммо нима учун имтиёз баллари жорий йилдан қўшилмоқда? Ахир Президент қарорида янги шакллантирилаётган «Темурбеклар мактаблари»га қабул ва ўқитиш 2020/2021 ўқув йилидан бошланади, деб ёзилганку. Ҳали «Темурбеклар мактаби»га қабул бошланмаган бўлса, ўз-ўзидан унинг битирувчилари ҳам бўлмайдику.

Ёки қарорда «Темурбеклар мактаби» Уставини тасдиқлаш ва амалга жорий қилиш муддати 2019 йил 10 октябрга қадар, дея белгиланган. Ҳали лицейнинг Устави ҳам йўқ экан, нима учун жорий йилда имтиёз бериляпти?

28 июнда қарор чиққан пайти аллақачон жорий йилгилар дипломини олиб бўлган эди-ку.

Ўзи жорий йилда фақат Фарғонадаги «Темурбеклар мактаби» битирувчиларига давлат гранти асосида асосий қабул квотаси ичида имтиёз берилгани кўпчиликнинг норозилигини туғдирганди. Чунки Фарғонадаги «Темурбеклар мактаби» битирувчилари тестдан сезиларли даражада паст балл олса ҳам, давлат грантига киришган, улардан анча юқори балл олганлар эса аввал "ўқишга кирди" дея эълон қилиниб, кейин кутилмаганда чизиқдан пастда қолиб кетган эди. Қўшимча квота ажратилганда ҳам, ҳеч ким эътироз қилмаган бўларди.

Ўзи нима учун балл қўшиб берадиган имтиёз жорий қилинди? Бир неча йиллар давомида тинимсиз танқид қилиб, ҳарбий тавсиянома асосида балл қўшиб берадиган адолатсиз тизимни зўрға бекор қилдиртирган эдик. Энди эса яна битта шунақа имтиёз жорий қилинди.

Мантиқан ўйлаганда, «Темурбеклар мактаби» шунақа зўр лицей экан, унда нима учун уларнинг битирувчиларига балл қўшиб бериш шаклидаги имтиёз бериш керак? Улар ўзи шундоқ ҳам билимда оддий мактаб битирувчиларидан устун бўлиши керак эмасми?!

Ҳарбий лицейларнинг битирувчиларига ҳарбий ОТМларга қанақадир имтиёз берилишини тушунса бўлади, аммо оддий ОТМларга балл қўшиб бериш шаклидаги имтиёз мақсадга мувофиқ эмас. Бу ижтимоий тенгсизлик. 

P.S.: жорий йилда ўша мактабни битириб, 15% қўшимча балл олаётганларга бу гапларим ёқмаслиги табиий. Аммо хавотир олманг, Сизлар барибир ўша қўшимча баллни оласиз, менинг гапларим ҳеч нарсани ўзгартирмайди.


Қўшимча:

Муштарийларда тушунмовчилик бўлмаслиги учун, изоҳ берсам. Кўпчилик «Темурбеклар мактаби» номли таълим муассасалари энди пайдо бўлган бўлса, битирувчилар қаердан келди, деб ҳайрон бўлишмоқда.

«Темурбеклар мактаби» номи илк бора 2017 йил 5 июлдаги Президент Фармонида тилга олинган ҳамда республиканинг барча ҳарбий академик лицейларига «Темурбеклар мактаби» номи берилган эди.

Аммо гап бошқа жойда. Жорий йилги 28 июндаги Қарорда эса 5 та янги «Темурбеклар мактаби» ташкил қилинди (пастдаги суратга қаранг). Ва Қарорнинг 8-бандида имтиёз бали ҳам айнан шу 5 та ҳарбий лицейнинг битирувчиларига берилиши айтилди. Аммо ушбу янги «Темурбеклар мактаби»га қабул келаси, 2020 йилдан бошланиши белгиланган.

Шундан келиб чиқиб, ушбу қўшимча балл шаклидаги имтиёзнинг аввалги ҳарбий лицейларга алоқаси йўқ, деб ҳисоблайман. Бу албатта менинг шахсий фикрим. Ва бу расмий характерга эга эмас.

Бундан ташқари юқоридаги постдаги асосий савол — «Темурбеклар мактаби» битирувчиларига нима учун балл қўшиляпти? Жорий йилдами, кейинги йилдами, фарқи йўқ, нега қўшимча балл берилиши керак?

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг