ТАТУда соврин миқдори 2 100 000 сўмлик блогпостлар танлови эълон қилинди
Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети 9 апрель – Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 684 йиллигига бағишлаб, «БИЗ КИМ ТEМУР АВЛОДЛАРИ» мавзусида блогпостлар танловини эълон қилади. Бу ҳақда ТАТУ матбуот хизмати хабар қилди.
Танловни ўтказишдан мақсад – Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 684 йиллигини кенг нишонлаш, буюк саркарда ва давлат арбобининг шахси, унинг миллий давлатчилигимиз тарихида тутган ўрни ва бугунги ёш авлод тарбиясида бобокалонимиз қолдирган меросдан кенг фойдаланиш ва уни тарғиб қилишдан иборатдир.
Танловда барча ТАТУ талабалари иштирок этишлари мумкин. Танлов ғолиблари шу йилнинг 9 апрель куни соат 18.00 га қадар университетнинг расмий сайти ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида (ТАТУ матбуот хизматининг расмий телеграм канали – @tuituz_official) эълон қилинади.
Танловда биринчи, иккинчи, учинчи ўрин ғолиблари аниқланиб, 1-ўринни эгаллаган иштирокчига 1 000 000 сўм, 2-ўринни эгаллаган иштирокчига 700 000 сўм, 3-ўринни эгаллаган иштирокчига 400 000 минг сўм пул мукофоти берилади.
Танловда иштирок этиш шартлари:
- Танловда блогпостлар учун ихтисослашган махсус интернет платформаларида (масалан, teletype.in, telegra.ph) ёзишлари мумкин;
- Иштирокчилар ўқув курсидан қатъий назар тенг ҳуқуққа эгадир;
- Блогпостларнинг фақат ҳаволалари телеграм орқали (@tatumatbuotxizmati ёки 998946908231 рақамига) 8 апрелга қадар Ҳакамлар хайъатига юборилиши керак;
- Ҳаволалар очиқ бўлмоғи керак.
- Блогпостлар ҳажми чекланмаган ва фақат матн форматидаги блогпостлар қабул қилинади;
- Матннинг имло хатолардан холилиги, сифати;
- Мавзу (ғоя)нинг оригиналлиги;
- Муаллифнинг шахсий фикри мавжудлиги, айтмоқчи бўлган фикри (ғояси)нинг тугалланганлиги;
- Ижодий ишлар шаклига (матн) чеклов йўқ. Бу талабаларнинг ўз услубига ва креативлигига ҳавола;
- Жамоанинг меҳнати натижаси бўлган ижодий ишларни жамоа номидан бир нафар жамоа аъзоси топширади. Бир ижодий гуруҳдан фақат битта ижодий иш қабул қилинади;
- Шахси номаълум талабалар томонидан, шунингдек, шахсий фикри эмас, балки турли манбалардан кўчирилган блогпостлар танловга қабул қилинмайди.
Блогпост тугагандан сўнг ушбу танлов учун махсус ёзилганлигини келтириб ўтишлари шарт ва албатта, талабанинг тўлиқ исми-шарифи, факультети, курси, телефон рақами ёзилиши шарт.
Танлов бошланди! Марҳамат уйда қолиб танловимизда иштирок этинг ҳамда карантиндаги вақтингиздан унимли фойдаланган ҳолда ўз иқтидорингизни намоён қилинг ва совринни қўлга киритинг!
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter