ТАТУ талабалари мобил илова орқали велосипедларни ижарага олиш лойиҳасини тақдим этди
Пойтахтимизда «Best Soft Challenge-2017» энг яхши дастурий таъминот воситалари республика танлови ғолибларини тақдирлаш маросими ўтказилди.
Жорий йилда танлов тартибига бир қатор ўзгартишлар киритилди. Аввалги танловларда иштирокчилар фақат тайёр дастурий ечимларни намойиш қилишган бўлса, бу гал ишланмаларнинг лойиҳалари ва ғояларини ҳам тақдим этиш имконига эга бўлишди.
2017 йилнинг 4 августидан 31 октябрига қадар software.uz порталига танлов бўйича 306та ариза келиб тушган бўлса, шулардан 40таси финал йўлланмасини қўлга киритди.
Танловнинг финал босқичи 2017 йилнинг 30 ноябр ва 1 декабр кунлари Муҳаммад Ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети биносида ўтказилди, унда Тошкент шаҳри ва республикамизнинг беш вилояти (Самарқанд, Сурхондарё, Сирдарё, Фарғона ва Хоразм) иштирокчилари ўз лойиҳаларини шахсан ҳамда видео-конференция орқали намойиш қилишди.
Ҳакамлар ҳайъати ҳар бир лойиҳанинг долзарблиги, ўзига хослиги, фойдаланилган технологик ечимлар ва интерфейснинг қулайлигини баҳолади.
Ижодий гуруҳимиз билан ишлаб чиққан “VeloBOT” лойиҳамиз “Ақлли шаҳар” йўналишида ғолиб бўлди. Унинг афзаллиги шундаки, пойтахт кўчаларида велосипед ҳудудлари, бекатлари ташкил этилиб, уларда велосипедни ижарага олган йўловчи қанча вақт юрганига қараб тўловни терминал ёки нақд кўринишда тўлаши мумкин. Ҳар бир транспорт қурилмасига GPS навигатори ўрнатилади ва велосипедни ижарага олган йўловчи уни бир бекатдан иккинчисига бемалол ташлаб кетаверади.
Мироқил Ёрқулов, Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети талабаси
Танловнинг якуний босқичи натижаларига кўра, қуйидаги ишланмалар ва ғоялар танлов ғолиблигини қўлга киритди:
«Ақлли шаҳар» йўналиши бўйича
1-ўрин: «VeloBOT» — мобил илова ва блоклаш/блокдан чиқариш қурилмаси ёрдамида велосипедларни ижарага олиш бўйича лойиҳа.
2-ўрин: «Мобил кутубхона: шу ерда ва ҳозироқ ўқинг» — жамоат жойлар (бекатлар, мактаблар ва бошқа)да тарқалган виртуал нуқталардан QR-код орқали кутубхонага кириш учун рухсат берувчи тизим.
3-ўрин: «UyJoy360» — тасвирни 360 даражадаги форматда кўриш имкониятини берувчи кўчмас мулкни сотиш/сотиб олишга мўлжалланган лойиҳа.
Компютер ва мобил ўйинлар йўналиши бўйича
1-ўрин: «Mylab» — интерактив шаклда кимёвий тажрибаларни ўтказиш имкониятини берувчи интерактив сайт.
2-ўрин: «NEO QUIZ» — ўйин шаклида ўқувчиларни тестдан ўтказиш тизими.
3-ўрин: «Binary Game» — иккиламчи ҳисоб тимизини ўрганишга ёрдам берувчи мобил илова.
Савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаси бўйича
1-ўрин: «VR Tours» — VR-технологиялар ёрдамида Ўзбекистоннинг кўзга кўринган жойлари ва обидалари тўғрисида мустақил равишда объектларни юклаш имкониятини берувчи лойиҳа.
2-ўрин: «Delivery System» — савдо нуқталари бўйича маҳсулотларни етказиб беришни назорат қилувчи тизим.
3-ўрин: «Delivery food (Food express)» — Самарқанд ресторанларидаги таомларга буюртма бериш ва етказиб бериш тизими.
«АКТ соҳасида инновацион ғоя» йўналишида
1-ўрин: «Security PHP Wall» — MAC-манзилли (компютер) қурилмага махсус PHP бошланғич кодини шифрлаш учун мўлжалланган дастур.
2-ўрин: «Менинг виртуал оламим» — булутли технологиялар ёрдамида ишловчи виртуал иш столи.
3-ўрин: «E-kutubxona» — кутубхонага кириш рухсатини берувчи ва буюртмаларни бериш имкониятини яратувчи мобил илова.
Шунингдек, иштирокчиларнинг ёши жиҳатидан танлов шартларига тўғри келмаса-да, «Alpomish» халқ достони асосида компютер ўйини яратган 12-13 ёшли қизларга ҳам танлов сертификати топширилди. Улар икки йилдан буён Тошкентдаги ИНҲА университетида жойлашган «Codecraft» болалар учун дастурлаш курсларида таҳсил олишади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter