Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Тараққиёт ҳақида мулоҳаза: «бир дона мих» бизни ортга тортиши мумкин

Тараққиёт ҳақида мулоҳаза: «бир дона мих» бизни ортга тортиши мумкин

Фото:«iStok»

Ўзбекистон 2030 йилга келиб Глобал инновацион индекс рейтинги бўйича жаҳоннинг 50 илғор мамлакати қаторига кириш, шунингдек, рақамли иқтисодиётни ривожлантириш, ялпи ички маҳсулот кўрсаткичларини аҳоли жон бошига икки баравар ошириш каби катта марраларни ўз олдига мақсад қилиб қўйди.

Тайинки, ушбу мақсадларга эришиш учун оддий ходимдан тортиб энг катта амалдорларгача меҳнатини аямасликни талаб этади. «Сен менга, мен сенга тегмайман» каби иш юритиш, ўйлайманки, айнан бугунги кунда энг салбий одатлардан биридир.

Бунга тарихда мисоллар қалашиб ётибди. Масалан, катта бир даврни босиб ўтган АҚШни олайлик. Ўтган асрнинг олтмишинчи йилларида президент Жон Кеннеди NASA ташкилотига ташриф буюради. У ерда берилиб пол юваётган бир фаррош аёл ёнига келиб, «Мен Жон Кеннедиман, сиз бу ерда нима қилаяпсиз?» деб савол берганида, фаррош аёл унга «Жаноб президент, мен инсонни ойга учиб, у ерга қадам қўйиши учун хизмат қилаяпман», деб жавоб берган экан.

Олис Пруссияда она алла айтмоқда:

Қадимий Пруссия.

Она алла айтмоқда:

«Ватанга ёв бостириб кирди.

Икки қўшин бир-бирин қирди.

Ногаҳон ҳалок бўлди прусслар саркардаси,

Оқибатда пароканда бўлди Прусс лашкари,

Ёвга мағлуб бўлиб қочди жанггоҳдан.

Шаҳар забт этилди.

Таҳқирланди бола-ю қари…

Нега бундай бўлди?!

Сабабини топайлик:

Нега шаҳар душман қўлига ўтди?

Чунки қўшин енгилди…

Қўшин нега енгилди?

Чунки саркарда ҳалок бўлди…

Саркарда қандай ҳалок бўлди?

Отдан йиқилиб…
Отдан нега йиқилади?!

Чунки отнинг тақасини қоқаётганда

Тақачига бир дона мих етмай қолганди…

Бир дона мих деб бутун бир халқ қул бўлди…»

Битта нотўғри қўйилган ғишт, битта чириган ёғоч эртага бутун бир иморатнинг қулаб тушишига сабабчи бўлиши мумкин.

Ҳар куни ҳар биримиз ушбу «мих»ни қоқамиз. Фақат бир-биримизни алдаб, кўзбўямачилик қилиб ёки боқимандаликка берилиб, ушбу михни қоқиш эсдан чиқмаса бўлди. Бўлмаса, бизнинг фарзандларимизга пруссиялик оналар алласи айтилади...

Отабек Ҳасанов,
сиёсий фанлар бўйича PhD доктори

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг