Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Тақиқланаётган никоҳ қанчалик хавфли?

Тақиқланаётган никоҳ қанчалик хавфли?

Фото: «Xabar.uz»

Қатор интернет нашрлари, жумладан, «Xabar.uz» ахборот-таҳлилий портали хабар берганидек, Ўзбекистон Республикаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси портали (regulation.gov.uz)да Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тайёрланган «Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 16-моддасига қўшимча киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни лойиҳаси муҳокамага қўйилди.

Лойиҳанинг жамоатчилик кенг муҳокамасига сабаб бўлаётган нуқтаси «ота-онанинг ака-ука ва опа-сингилларининг фарзандлари ўртасида»ги никоҳнинг ҳам тақиқланган никоҳлар рўйхатига киритилганидир. Аммо норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси портали ва оммавий ахборот воситаларида билдирилаётган фикр-мулоҳазаларга диққат қилсак, бир нозик жиҳат кўзга ташланади. Яъни, ушбу меъёрни қўллаб-қувватлаётганларнинг аксарияти қариндошлар ўртасидаги никоҳни қўллаб-қувватламасликларини баён қилишса-да, бундай никоҳга қарши курашишда қонун йўли билан тақиқ қўйиш қанчалик муҳим эканлиги тўғрисида деярли тўхталмайдилар. Бу эса, уларнинг фикрлари қонун лойиҳасига нисбатан муносабатдан кўра, кўпроқ яқин қариндошлар никоҳига нисбатан муносабатга яқинроқ эканини кўрсатади. Соддароқ қилиб айтганда, профессионал ёндашув кам.

Айни пайтда, бундай тақиқнинг қонунийлаштирилишига қарши бўлганларнинг кўпчилиги айнан қонун лойиҳаси устида фикр билдириб, унга қарши фикрларини қайсидир бир асослар билан баён қилганлар. Зеро, улар ҳам аслида яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳни қўллаб-қувватламаганлар. Балки бундай никоҳга қарши курашиш учун қонун билан тақиқлаш йўлидан боришни тўғри деб ҳисобламайдилар, холос.

Мен ҳам шундай никоҳдан қочганман...

Худди шундай, мен ҳам ёшлигимда яқин қариндошимизнинг қизига уйланиш таклифини зўрға рад этган (қизни ёқтирмаганим учун эмас, балки бу даражада яқин қариндош қизни никоҳимга олишни ҳазм қила олмаганим учун) бир фуқаро сифатида бундай никоҳни қўллаб-қувватламасам-да, никоҳдек жиддий ижтимоий муносабат масаласини тартибга солишга қонуний тақиқ йўли орқали боришга қаршиман. Қуйида эса ушбу муносабатимни асослашга ҳаракат қиламан.

Тақиқланаётган никоҳ қанчалик хавфли?

Аввало, ҳар қандай инсоний муносабаларни қонун билан тақиқлаш учун унинг хавфлилик даражаси етарлича фактлар билан асосланган бўлиши керак. Зеро, бу ҳар қандай ҳолатда ҳам инсоннинг ўта шахсий ҳуқуқига доир масала. Худди шундай, биз кўраётган масалада ҳам ака-ука ва опа-сингиллар фарзандларининг никоҳини тақиқлаш бўйича қонун лойиҳаси тайёрлаган Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳам мазкур лойиҳани тайёрлаш учун, аввало, бундай никоҳлар келтириб чиқараётган оқибатлар тўғрисида етарлича статистик асос кўрсатиб, шунга кўра халқнинг фикрини ўрганиши лозим эди. Аммо улар бу йўлдан бормаган ва қонун лойиҳасини ўзларича тайёрлаб, муҳокамага қўйганда ҳам бу ҳақда шарҳ бермаган. Қолаверса, бундай статистикани ёки таҳлилни вазирликнинг сайтида ҳам топа олмадик...

Ваҳоланки, Порталда ўз фикрини билдирганлар келтирилган маълумотлар[1]га кўра, 3-6 фоиз ҳолатлардагина бундай никоҳдан нуқсонли фарзандлар дунёга келиши мумкин экан. Қолаверса, бегоналар никоҳида ҳам бу кўрсаткич 2-3 фоизни ташкил қилади. Демак, агар шу маълумот асосли бўлса (шахсий кузатувларимизга кўра ҳам бу маълумотларни ҳақиқатга яқин деб ўйлаймиз), яқин қариндошлар никоҳи салбий кўрсаткични 1-3 фоизгагина ошириши мумкин экан, холос. Бу эса, ўз-ўзидан, «мана шу кичкина эҳтимолни деб кўпчиликнинг ҳуқуқларини чеклаш мумкинми?» деган саволни туғдиради.

Тўғри, бу саволга жавобан кимдир «бир нафар ногирон боланинг туғилиши ҳам фожиа» эканлигини бизга эслатмоқчи бўлар. Аммо, бу эътирозга ҳам жавоб бор — «яқин қариндошлар никоҳини тақиқлаш туфайли янги ижтимоий муаммоларни келтириб чиқариш ҳам фожиали эмасми, бир фожианинг олдини олиш учун бошқасига йўл очиб бериш мумкинми?»

Яқин қариндошлар никоҳи тақиқланса нима бой берилади?

Мана энди навбат бундай никоҳни тақиқлашнинг нима хавфи борлиги масаласига етиб келди. Бу борада мен биладиган бир ҳақиқат шуки, бундай тақиқ халқимиз ўртасида минглаб йиллар давомида шаклланган бир қатор миллий анъаналарни йўққа чиқаради. Масалан, халқимизда кексайиб, ўзини эплай олмай қолган қариялар ёки ногиронларни уларга қарайдиган маҳрам аёл билан таъминлашнинг жуда ажойиб усули мавжуд. Яъни, ўша кекса кишилар ёки ногиронларга маҳрам бўлган қиз оилага келин қилинади. Бу, асосан, ўғил неварага қиз неварани никоҳлаш орқали амалга оширилади. Масалан, ўша қаровга муҳтож киши бир ўғлининг ўғлига бошқа боласининг қизини келин қилиб олади ва халқ орасида бу «невара келин» дейилади.

Бундан ташқари, турли сабабларга кўра аёлидан ажралиб қолган эркакларнинг вояга етмаган гўдаклар тарбиясини уларга меҳр кўрсата оладиган аёлга топшириш учун ҳам кўпинча болага ичи ачийдиган яқин қариндош қиз-аёлларни болаларнинг отасига никоҳлаб беришади. Бу ҳам бола тарбияси билан боғлиқ жиддий муаммонинг энг енгил ечимидир.

Ёки севги-муҳаббат масаласини олайлик. Одам боласи никоҳи шаръан  тақиқланган тоифадаги қариндошлар билан никоҳланишни хаёлига ҳам келтирмайди. Аммо қонунда тақиқлаш йўли билан амакининг қизини севиб қолиш ёки амманинг ўғлига кўнгил қўйиш ҳолатларининг олдини олиб бўлмайди. Бундай ҳолатда қонун уларнинг йўлига ғов бўлса, айниқса, ёшларимиз сериаллар домига тушиб қолган ҳозирги бир даврда, нималар бўлиши мумкинлигини бир тасаввур қилиб кўринг-а... Тўғриси, мен бу ҳақда ўйласам, кўз олдимдан никоҳсиз орттирилган болалар, ўз жонига қасд қилишлар, бировнинг тўйини бузишлар, ажралишлар... ўтиб, юрагим орқага тортади...

Тарғибот энг оғриқсиз йўл!

Хўш, энди айтинг-чи, шундай оқибатлар кутилаётганини била туриб ҳам қонуний тақиқни ишга туширишимиз мумкинми? Наҳотки, яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳга қарши курашишнинг бошқа ҳеч қандай иложи, самарали усули бўлмаса?

Назаримда эса, бунинг иложи бор — энг яхши йўл аҳоли ўртасида тўғри тарғибот олиб боришдир. Қолаверса, шу пайтгача юритилган заифгина тарғиботлар ҳам аллақачон ўз натижасини бера бошлаган. Бугун жўяли сабаб бўлмаса, бу ишга деярли қўл урилмайди. Яъни, илгаригидек шунчаки қариндошлик риштасини мустаҳкамлаш ёки қариндошлар орасидаги «яхши қизни қўлдан чиқазмаслик» учунгина бўладиган никоҳлар жуда кам. Шундай экан, тақиққа шошишга ҳожат йўқ, назаримда. Нари борса, тарғибот самарасини энг юқори даражада ушлаш учун ФҲДЁ бўлимларига баъзи масъулиятларни юклаш мумкин. Масалан, никоҳ учун ариза берган ёшлар ва уларнинг ота-оналари бу борада махсус тайёрланган қўлланмалар билан таништириш, махсус роликларни кўрсатиш йўли билан огоҳлантирилса, шунинг ўзи керакли натижани беради. Бу энг оғриқсиз кечадиган йўл. Зеро, шундан кейин ҳам никоҳдан воз кечмаганларга эътироз қилиш инсон ҳуқуқларининг бузилишига айланиб кетади.

Никоҳланувчилар қариндош эмасликларини исботлашлари шарт бўлиб қолади...

Яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳнинг қонун билан тақиқланиши келтириб чиқарадиган яна бир муаммо мавжуд — никоҳни қайд этиш жараёнида қўшимча муаммолар пайдо бўлади. Яъни, никоҳ учун ариза бераётганлар ФҲДЁ бўлимларига ўзларининг яқин қариндош эмасликларини асословчи ҳужжатлар тақдим этишлари лозим бўлиб қолади. Ёки маҳалладан маълумот олиш тизими ўзини оқламагани туфайли ундан воз кечаётган бир пайтимизда яна ўша тизимга қайтамизми? Бу яна бюрократияни, коррупцияни келтириб чиқазмаслигига ким кафолат беради?

Якуний мулоҳаза

Албатта, ёзганларимиз — шахсий хулосаларимиздир. Аммо, шунча эътироз ва салбий оқибатлар ҳақидаги тахминлар бор экан, шунинг ўзи ҳам масалага шошмасдан ёндашиш лозимлигини кўрсатади, деб ўйлаймиз. Зеро, гап агар ростдан ҳам ногирон болалар туғилишининг олдини олиш ҳақида кетаётган бўлса, бунинг учун жиддий илмий таҳлиллар ўтказиш ва барча сабабларни жамлаб, ҳаммасини инобатга олган ҳолда яхши натижа бера оладиган яхлит бир тўхтамга келиш керак. Ахир бу муаммонинг наркомания, ичкиликбозлик, фоҳишабозлик, кашандалик, моддий ва маънавий қашшоқлик каби яна қатор асослари ҳам мавжудлигини Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳам, кенг жамоатчилик ҳам яхши билади...

Хуллас, тақиқ ҳамиша энг охирги чора ҳисобланади. Шундай экан, аввал бошқа чораларни кўриб, шундан кейингина тақиқ ҳақида бош қотирилса, мақсадга мувофиқ бўларди...

Нурбек Тошниёз, журналист


[1] Манба сифатида www.cousincouples.com кўрсатилган. Республикамиз бўйича статистикани топа олмадик.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг