Танзанияда марҳум президент билан видолашиш пайтида 45 киши ҳалок бўлди
Танзаниянинг марҳум президенти Жон Магуфулини дафн этиш маросимидаги тиқилинчда камида 45 киши ҳалок бўлди, дея хабар берди маҳаллий «Citizen» газетаси полицияга таяниб.
Aввалроқ беш кишининг вафот этгани тўғрисида хабарлар тарқалганди.
Марҳум президент билан видолашиш маросими Танзаниянинг энг йирик шаҳри Дор-ус-Саломдаги Ухуру стадионида бўлиб ўтди. 21 март, видолашувнинг иккинчи куни жуда кўп мотам тутувчилар белгиланган кириш жойларини айланиб ўтиб стадионга киришга ҳаракат қилишди. Тиқилинч келиб чиқди, натижада 45 киши ҳалок бўлди, яна 37 киши жароҳатланган.
Магуфули 17 март куни 62 ёшида Дор-ус-Саломдаги шифохонада вафот этди. Вице-президент унинг ўлимига юрак хуружи сабаб бўлганини айтган. Шу билан бирга, мухолифат ва Ғарб оммавий ахборот воситалари Магуфули коронавирус билан жиддий касалланиб қолганини маълум қилишди. Ҳукумат буни рад этмоқда.
Февраль ойида Магуфули мамлакатда коронавирус йўқлигини эълон қилгани тўғрисида хабар бергандик. Шунингдек, у аҳолини нафас олиш йўллари касалликларига қарши курашиш учун уч кун давомида ибодат қилишга чақириб, локдаун жорий этилмаслигини таъкидлади. Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Танзания COVID-19га қарши вакцина сотиб олишни режалаштирмаётганини маълум қилганди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter