Таниқли санъаткорлар меҳрибонлик ва мурувват уйларини оталиққа олишди
Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳамда «Ўзбекконцерт» давлат муассасаси хайрли ташаббусга қўл урди. Шаҳримизда ва вилоятларда жойлашган меҳрибонлик ва мурувват уйларини таниқли санъаткорлар ўз хоҳишларига кўра оталиққа олишди.
«Ўзбекконцерт» матбуот хизматининг «Xabar.uz»га хабар беришича, халқимиз суюган хонанда Ўзбекистон халқ артисти Озодбек Назарбеков, хонанда Баҳром Назаров шаҳримиздаги Хлебушкина номидаги 22-меҳрибонлик уйида тарбияланувчилари ҳузурида бўлишди. Ҳар ойда ўтказиладиган бу учрашувдан мурод меҳр-мурувватга муштоқ кўнгилларга завқ, қувонч, шодлик улашиш бўлса, иккинчидан у ерда ўсиб вояга етаётган болажонлар орасидан санъатга, мусиқага қизиқувчи, истеъдод эгаларини кашф этиб, уларга ҳам моддий, ҳам маънавий кўмак бериш, «маҳорат дарс»ларини ўтказиб, уларга санъат сирларини яқиндан таништириб, ўргатишдир.
Ана шундай учрашувлардан бири Жиззах вилояти Зомин тумани, Ём қишлоғида жойлашган «Аёллар» мурувват уйида бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонова ва қизиқчи Шукурулло Исроилов иштирок этиб, ўзларининг концерт дастурлари билан кўнгилларни қувончга тўлдиришди. Учрашув сўнгида мурувват уйига совғалар туҳфа этишди.
Эзгу сўз, эзгу амал, эзгу иш, эзгу ниятлар ила бошланган бу хайрли иш хали узоқ давом этиб, неча-неча кўнгилларга малҳам бўлади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter