Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Таниқли режиссёр ва продюсер Джаник Файзиев «Ўзбеккино» билан ҳамкорлик қилади

Таниқли режиссёр ва продюсер Джаник Файзиев «Ўзбеккино» билан ҳамкорлик қилади

«Ўзбеккино» Миллий агентлигида раҳбарият ва россиялик таниқли актёр, режиссёр ва продюсер Джаник Файзиев иштирокида онлайн учрашув бўлиб ўтди. Ушбу учрашувда шунингдек режиссёр Рашид Маликов ва продюсер Ойбек Файзиев ҳам иштирок этди.

«Ўзбеккино» Миллий агентлиги раҳбари таниқли кино арбобини мамлакатимиз кино соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг моҳияти билан таништирди. Томонлар бир қатор кино лойиҳаларини амалга ошириш бўйича қўшма ҳамкорлик режалари ва амалга ошириш чора-тадбирларини муҳокама қилдилар.

Суҳбат аввалида Джаник Файзиев Ўзбекистонда юз бераётган ижобий ва кенг кўламли ўзгаришларни мамнуният билан қайд этди.

«Бир йилдан буён мен Ўзбекистонда содир бўлаётган ижтимоий-сиёсий воқеаларни диққат билан кузатмоқдаман ва бундан жуда илҳомландим. Назаримда ҳамма нарса рисоладагидек кетяпти. Машҳур ишбилармон танишим Ўзбекистон инвестициялар учун энг жозибали давлатлардан бирига айланмоқда, деган фикрни билдирди. Шуниси қувонарлики, кино саноати ҳам мунтазам ривожланиб бормоқда, бу хорижлик киноижодкорларни ҳам қизиқтириши табиийдир», - деди Джаник Файзиев.

Онлайн учрашув давомида ўзбек продюсери Ойбек Файзиев «Ўзбеккино»даги янги лойиҳа — ўзбек боксчиларининг Рио Олимпиадасидаги ғалабаларига бағишланган фильм ҳақида гапирди.

«Бу спортчиларимиз учун мислсиз ғалаба бўлди ва биз бундан бениҳоя фахрланишимиз керак. Ёшларимиз ҳақиқатан ҳам ҳаётни яхши томонга ўзгартирадиган, фидойилик ва қатъиятни ўргатадиган мотивацион фильмларга муҳтож. «Енгилмас. Риога элтувчи йўл» номли спорт драмаси реал воқеаларга асосланган. Айни пайтда фильмнинг сценарийси ёзилмоқда. Ташаббусимизни Миллий олимпия қўмитаси, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ва Бокс федерацияси қўллаб-қувватламоқда. Жумладан, Федерация хорижлик актёрларнинг фильмда иштирок этишини таъминлаш ниятида бўлиб, актёрларнинг гонорарини тўлаш бўйича молиявий мажбуриятларни ҳам ўз зиммасига олди», — деди Ойбек Файзиев.

Джаник Файзиев ушбу лойиҳа шубҳасиз қизиқарли эканини, чунки Россияда спортчиларнинг ғалабалари ҳақидаги шу каби фильмлар мувафаққият қозонаётганини таъкидлади. Режиссёр лойиҳани амалга оширишда ўз ёрдамини беришга тайёрлигини билдирди.

Ўз навбатида, Агентлик раҳбари Джаник Файзиевга бугунги кунда «Ўзбеккино» томонидан олиб борилаётган учта йирик миллий кино лойиҳалари ҳақида гапириб берди. Булар Амир Темур, Имом ал-Бухорий ва Буюк Ипак йўли ҳақидаги фильмлардир. Джаник Файзиев ушбу лойиҳаларда иштирок этишга ва ижодкорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирди. Шунингдек, режиссёр фильмларда иштирок этиш учун хорижлик актёрлар ва тажрибали кино мутахассисларини жалб қилишни тавсия этди.

Таъкидлаш жоизки, «Ўзбеккино» сўнгги йилларда мамлакатимиздан ўзига хос сабаблар билан чет мамлакатларга кетган ватандошларимизни - таниқли кино арбобларини ҳамкорлик ишларига жалб қилишга эришмоқда.

Джаник Файзиев ўзбекистонлик машхур актер, режиссер ва продюсер. «Сиз кимсиз», «Камми», «Бешинчи бурчак», «Турк гамбити», «Август. Саккизинчи», «Коловрат афсонаси», «Галлактика дарвозабони» фильмларини суратга олган. Шунингдек, кўплаб фильмларда актёр ва продюсер сифатида иштирок этган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг