Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Таниқли имом теракт қурбони бўлди – унинг машинасига бомба ўрнатилган экан

Таниқли имом теракт қурбони бўлди – унинг машинасига бомба ўрнатилган экан

Шайх ал-Афюний Сурияда фуқаролар уруши айни авжига чиққан 2013 йилда Дамашқ муфтийси этиб тайинланган эди.

Фото: “SANA”

Суриядаги таниқли уламолардан бири, Дамашқ музофоти муфтийси – шайх Муҳаммад Аднан ал-Афюний теракт оқибатида ҳалок бўлди.

Сурия давлат ахборот агентлиги (SANA) хабарига кўра, 66 ёшли имомнинг машинасига номаълум шахслар томонидан бомба ўрнатилган. Бомба Дамашқ яқинидаги Қудсия қасабасида портлаган.

Мамлакат вақф вазирлиги вакили марҳум имомни “ўз ватанини ҳимоя қилган шаҳид” деб атаган.

Хабарларга кўра, шайх ал-Афюний диний экстремизмга қарши муросасиз курашиб келган. Сурия вақф вазирлиги ҳузуридаги илмий кенгаши аъзоси бўлган уламо, айни чоқда, “Ал-Шом” экстремизмга қарши кураш халқаро ислом марказига раҳбарлик қилган.

Шайх ал-Афюний Сурияда фуқаролар уруши айни авжига чиққан 2013 йилда Дамашқ музофоти муфтийси этиб тайинланган. Сурия инсон ҳуқуқлари марказига кўра, таниқли уламо мамлакатдаги турли сиёсий-диний гуруҳлар ўртасида муросаи мадорага эришиш йўлида жонбозлик кўрсатиб келаётган эди. Хусусан, у 2016 йили Дарайя шаҳрида қўзғолончилар ҳамда ҳукумат кучлари ўртасида сулҳ тузилишида воситачилик қилган.

Шом ўлкасида 2011 йилдан буён давом этаётган фуқаролик урушида, турли ҳисоб-китобларга кўра, 384 минг нафардан 577 минг нафарга қадар аҳоли қурбон бўлди. Бошбошдоқлик ҳукм сураётган мамлакатдаги турли қуролли гуруҳлар таниқли диний уламолар жонига ҳам бот-бот қасд қилмоқда.

2013 йил 21 март куни нафақат Сурия, балки бутун ислом оламидаги таниқли имом – шайх Муҳаммад Саид Рамазон ал-Бутий ҳам шаҳид этилган эди. Худкуш террорчи томонидан “Ал-Имон” масжидида амалга оширилган портлаш оқибатида шайх Бутий билан бирга 49 киши ҳалок бўлган.

Сунний мазҳабининг пешқадам олимларидан бўлган шайх Муҳаммад Саид Рамазон ал-Бутий давлат ҳокимиятини қурол ва зўравонлик йўли билан ўзгартиришни қоралаб, мулоқотга даъват этиб келган эди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг