Сув тежовчи технологияларни жорий қилганларга имтиёзли кредит ажратилади
2024 йилдан сувни тежайдиган суғориш технологияларини жорий этиш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш учун қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларга suvkredit.uz платформаси орқали 5 йил муддатга, шундан 2 йиллик имтиёзли давр билан йиллик 14 фоиз ставкада кредитлар ажратилади.
Бу борада Президентнинг ПҚ–5-сонли тегишли қарори қабул қилинди.
Қарорга мувофиқ, шунингдек, жорий йилда сувни тежайдиган суғориш технологияларини жорий этиш бўйича харажатларнинг бир қисмини қоплаш учун субсидиялар қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларга ушбу технологиялар жорий қилинган йилнинг ўзида тўлиқ миқдорда ажратилади.
Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида сувни тежайдиган суғориш технологияларини жорий этиш бўйича лойиҳаларга тижорат банклари томонидан миллий валютада ажратиладиган кредитлар бўйича фоиз ставкасининг 10 фоиздан ошадиган қисми Давлат бюджети томонидан қоплаб берилади.
Бундан ташқари суғориладиган ерларда янги боғлар, узумзорлар ва бошқа кўп йиллик дарахтзорлар ҳамда енгил типдаги иссиқхоналарни ташкил этишда хулосалар Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан фақат сувни тежайдиган суғориш технологияларини жорий қилиш шарти билан берилади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter