Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Сурхондарёда ҳам боғча тарбияланувчиси бахтсиз ҳодисада вафот этди

Сурхондарёда ҳам боғча тарбияланувчиси бахтсиз ҳодисада вафот этди

6 октябр, пайшанба куни Сурхондарё вилояти Шеробод туманидаги 21-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотида 2018 йилда туғилган тарбияланувчи И.Ж. вафот этди.

МТВнинг берган расмий маълумотига кўра, тарбияланувчи И.Ж. боғча ҳудудидаги болалар ўйин майдонидаги темир айланада ўйнаган ва эҳтиётсизлик натижасида ҳаёт учун хавфли бўлган жароҳатлар олган. Ҳозирги вақтда ўлимнинг аниқ сабаби ва вақти аниқланмоқда.

Айни пайтда иш прокуратурага ўтказилган, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Эҳтиётсизлик оқибатида воқеа содир бўлган вақтдаги масъул шахсларга нисбатан қонунчиликда назарда тутилган  чоралар қўлланилиши билдирилган.

Айни пайтда мазкур ҳодиса туфайли 21-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти директори лавозимидан озод этилиб, вилоят Мактабгача таълим бошқармаси ва туман мактабгача таълим бўлими раҳбариятига нисбатан интизомий жазо чоралари қўлланилган. Тарбиячи ва тарбиячи ёрдамчисига нисбатан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Вазирликка кўра, келгусида бундай ҳолатлар такрорланмаслиги ҳамда болалар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида, республикадаги барча давлат мактабгача таълим ташкилотларидаги ўйин майдончаларида жойлашган хавфли темир конструкцияларни инвентаризациядан ўтказиш, уларни демонтаж қилиш, шунингдек, идоравий қурилиш меъёрлари ва талабларига мувофиқлаштириш топшириғи берилган.

Xabar.uz жамоаси марҳум боланинг оила аъзоларига чуқур ҳамдардлик билдиради.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қашқадарё вилоятида ҳам боғча тарбияланувчиси қаровсиз қолдирилгани оқибатида поезд йўлига бориб қолган ва поезд уриб кетиши оқибатида вафот этган эди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг