Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Сурия ваҳшати. Ҳалаблик қочоқларнинг изтироблари

Сурия ваҳшати. Ҳалаблик қочоқларнинг изтироблари

Кўпчилик ўз она шаҳрини бугун ҳатто таний ҳам олмайди.

Фото: «Getty Images»

Бундан бир йил олдин, 2016 йилнинг 22 декабрида 4 йил давом этган аёвсиз жанглардан сўнг Суриянинг иккинчи йирик шаҳри, иқтисодий маркази Ҳалаб Россия ёрдамида Сурия армияси томонидан исёнчилардан қайтариб олинган эди. Шундан кейин ушбу ҳудудда яшаган кўплаб тинч аҳоли вакиллари шаҳарни ташлаб қочишга ва бошқа ўлкалардан, асосан Европа мамлакатларидан бошпана излашга мажбур бўлган эди.

Аҳолисининг асосий қисми суннийлардан ташкил топган Ҳалаб президент Башар Асад зулмига қарши исённинг маркази бўлди. Бугунги кунда ҳалаблик қочқинлар Европада бошпана топишган. Ушбу мақоламизда улардан баъзиларининг хотиралари ва бугунги ҳаётлари ҳақидаги фикрлари билан танишиб чиқамиз.

Кўпчилик ҳалабликлар қатори Францияда қўним топган 29 ёшли Салоҳ Ашкар Ҳалабдан айрилишини қуйидагича ифодалайди: «Мен бир бўлагимдан айрилиб қолгандекман. Бу худди балиқнинг сувсиз қолишига ўхшайди». 2016 йилнинг декабр ойида ўзининг «Твиттер»даги саҳифасига жойлаштирган видеосида маҳзун овозда шундай деган эди:

«Мен Ҳалаб фарзандиман, уни тарк этишни истамайман. Ҳеч ким кетишни истамасди, аммо бизда танлаш имконияти йўқ эди».

Францияга ноябр ойи бошида сиёсий қочқин визаси билан келган, айни пайтда мамлакатдаги Олерон шаҳрида аёли ва бир неча ойлик ўғли билан яшаётган яна бир ҳалаблик, 26 ёшли Рами Заят қуйидагиларни ҳикоя қилади:

«Мабодо қолганимизда бизни ё қамоққа олган бўлишарди, ёки отиб ташлашарди. Яшаш учун кетиш керак эди. Ҳалабдан чиққанимиздан кейин мен ҳамма нарсамни йўқотганимни тушиниб етдим: шаҳримни, уйимни, ҳаётимни... Жуда ғамгин бўлиб қолдим».

22 ёшли ёш фотосуратчи Амир Алҳалбининг таъкидлашича уруш унинг «энг ажойиб дамларини» олиб кетган. 7 ойдан буён Францияда истиқомат қилаётган бу йигит бошидан ўтказган даҳшатлар туфайли уйқусини йўқотган. Ҳар қадамда уни таъқиб қилаверади. «Ҳар кеча тушимга расмларим, портлашлар кириб чиқади», дейди у. Бугунги кунда Парижда фотографияда таҳсил олмоқда:

«Баъзан ўқитувчи гапираётганда хаёл бошқа томонда бўлади. Мен рисоладагидек ҳаёт излаб келганман, аммо бу жуда оғир».

«Менда ҳамон ўзим олган суратлар жуда кўп, аммо уларга қарашга қўрқаман, мени янада ёмон аҳволга солиб қўйиши мумкин», дейди Рами Заят. Шунингдек, у «жуда кўп нарса йўқотганини, келажаги ҳақида олдиндан бир нима деёлмаслигини» қўшимча қилади.

29 ёшли фотограф ва режиссёр Маҳмуд Ҳожи Усмон ҳамон билагига инқилоб байроғи туширилган билагузук тақиб юради. У аёли ва икки нафар ўғли билан бир неча ойдан буён Франциянинг Орлеан шаҳрида яшаб келмоқда. У Париждаги журналистлар тайёрлайдиган мактабга ўқишга қатнайди. Айтишича, бу «француз тилини ўрганишнинг энг ажойиб усули». У Ҳалаб қамали бошланган 2016 йилнинг июлида мамлакатдан қочиб кетган.

Ҳалаб қамали давомида жуда кўплаб ёшлар у ерда юз бераётган зулмни дунёга кўрсатиш учун видеоларга ёзиб олишган. Кўпчилиги туғилган шаҳрини тарк этишмаган.

Кўпчилик ўз она шаҳрини бугун ҳатто таний олмайди.

Жаҳонгир Остонов тайёрлади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг