Сурия Россиянинг янги чегараларини тан олди
Сурия Россиянинг референдумлар натижасида ўз таркибига қўшиб олган ДХР, ЛХР, Херсон ва Запороже вилоятлари билан янги чегараларини тан олади. Бу ҳақда Сурия президенти Башар Асад РИА Новости агентлигига берган интервьюсида айтиб ўтди.
«Албатта, бу ерлар Россия ҳудуди. Агар уруш бўлмаганда ҳам, бу тарихан Россия ҳудудлари эди», – деди Сурия раҳбари Россиянинг янги ерларини тан олиш ҳақидаги саволга жавоб берар экан.
Башар Асад сўзида давом этар экан, бу масалада Суриянинг позицияси аниқ ва қатъий эканлигини таъкидлади.
«Бу масала бизга бошидан аён ва биз ўз позициямизда иккиланмаймиз. Суриянинг позицияси аниқ ва шу билан бирга қатъий. Биз фақат Россия билан дўст бўлганимиз учун эмас, балки бу ерлар ҳақиқатдан ҳам Россия ҳудуди бўлгани учун ҳам тан оляпмиз», — деди Сурия президенти.
Маълумот учун, 2022 йилнинг сентябрь ойида ДХР, ЛХР, Запороже ва Херсон вилоятларининг Россия таркибига қўшилиш масаласи бўйича референдум ўтказилганди. Референдум натижасида ушбу ҳудудлар Россия таркибига қўшиб олинган эди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter