Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

ССВ шифохона ходимлари жанжали бўйича қўшимча маълумот берди

ССВ шифохона ходимлари жанжали бўйича қўшимча маълумот берди

Ижтимоий тармоқларда Пайариқ туманидаги Челак шифохонасида бош шифокорнинг ўғли ва келини ҳамшираларни калтаклагани айтилган видеолавҳа тарқалганди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги мазкур ҳолат юзасидан қўшимча маълумот берди.

Аниқланишича, жорий йил 2 февраль куни соат тахминан 15:30 ларда Самарқанд вилояти Пайариқ туман тиббиёт бирлашмасига қарашли Челак 1-сон шифохонасининг ўрта тиббиёт ходимлари – А.Н. ва Б.Ш. ўртасида ўзаро давом этиб келаётган оилавий келишмовчилик сабаб жанжал юзага келган.

Бунинг натижасида ҳамшира Б.Ш. ва унинг онаси, кичик тиббий ходим М.Д. жиддий тан жароҳати олган. Шундан сўнг жабрланган ҳар икки беморга зудлик билан биринчи тиббий ёрдам кўрсатилиб, шу куни мазкур шифохонанинг шошилинч жарроҳлик бўлимига ётқизилган.

Текширувлар натижасида ҳамшира Б.Ш.га «Бурун суяги ёпиқ синиши, бурун усти соҳаси урилиб, кесилган жароҳати. Бош мия чайқалиши», кичик тиббий ходим М.Д.га эса «Бурун усти, чап ёноқ соҳаси, чап кўз ички бурчаги урилиб, кесилган жароҳати. Бош мия чайқалиши» ташхиси қўйилган.

Беморларга белгиланган стандартлар асосида тиббий муолажалар кўрсатилгач, жорий йил 11 февраль куни қониқарли аҳволда уйига рухсат берилган.

Айни пайтда ўз ҳамкасбларига тан жароҳати етказишда гумонланаётган фуқаро А.Н.га нисбатан ички ишлар органлари томонидан Жиноят кодексининг 109-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов-суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

«Ўз навбатида, вазирлик томонидан ушбу воқеа бўйича ўтказилган ўрганишлар якунида бундай салбий ҳолатнинг юзага келишига эътиборсиз бўлган ҳамда муассаса ходимлари ўртасида касб этикаси ва мажбуриятларига риоя этиш юзасидан етарлича тушунтириш олиб бормаган бир қатор масъулларга нисбатан қонунда белгиланган тартибда тегишли жазо чоралари қўлланилди», дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабарида.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг